Қозоғистон ортидан Ўзбекистонда ҳам бензин ошиши мумкинми?

Қозоғистон ортидан Ўзбекистонда ҳам бензин ошиши мумкинми?

Қозоғистон экспертлари шу куз мавсумида бензин нархи қимматлашишини тахмин қилишмоқда, деб ёзади Qalampir.uz. Бунга ёқилғининг етишмовчилиги сабаб бўлади. Сентябрь бошидан буён Қарағанда вилоятининг 3 та шаҳрида бензин деярли йўқ.

Нефть-газ соҳаси бўйича эксперт, қозоғистонлик иқтисодчи Сергей Смирновнинг айтишича, Қозоғистон ҳар сафар халққа бензин нархи нима учун ошганлигини тушунтириш каби “бош оғриғи”дан халос бўлган. Бензиннинг чакана нархини бозор белгилайди.

Маълумотларга кўра, Қозоғистонда одатда бензин йилига икки марта — куз ва баҳор мавсумида ошади. Эксперт бензин нархи ошишига сабаб бўлувчи объектив бозор сабаблари борлигини таъкидлади.

“…Қозоғистонда бунга сабаб доим топилган. Фикримча, бунга мавсумнинг алоқаси йўқ. Бу 2025 йилгача Евросиё иқтисодиёт иттифоқи доирасида энергия ресурсларининг ягона бозорини ташкил қилиш билан боғлиқ. Бу нимани англатади? Бу шу вақтгача бизнинг нархларимиз Россия нархларига етиб олиши керак дегани.

Россияда бензин нархи Қозоғистондагидан кўра тахминан 50 фоизга юқори. Нархларимиз мутаносиб бўлиши учун биз Россиядаги каби 1 литр ёқилғи баҳосининг 60 фоизини солиқ сифатида ажратилишини таъминлашимиз зарур”, дейди эксперт.

Қозоғистонда бензин баҳоси инфляция кўрсаткичига етиб боряпти. Йил бошидан буён бензин баҳоси ўртача 4,3 фоизга, дизель 11,1 фоизга ошди.

Қозоғистонда бензин нархининг ошиши ҳақида расмий хабарлар йўқлиги сабабли улгурчи тадбиркорлар бензин нархини ўзлари истагинидек бошқаришларига олиб келмоқда.

Тахминларга кўра, Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда бензин нархи ошса, бу нарсанинг таъсири бизда ҳам сезилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистон вилоятларида бензин тақчиллиги муаммоси ҳамон мавжуд. Куз-қиш мавсумида бу тақчиллик Тошкентда ҳам кузатилиши деярли одатга айланиб қолган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда охирги марта бензин нархи 2016 йил 23 октябрда ошган эди. Ҳозирда сотилаётган ёқилғи нархлари қуйидагича:

1 литр Аи-80 маркадаги автобензин учун — 2800 сўм;

1 литр Аи-91, АИ-92, Аи-93 маркадаги автобензинлар учун — 3000 сўм;

1 литр Аи-95 маркадаги автобензин учун — 3300 сўм.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.