Қозоғистоннинг биринчи электромобилида 100 км юриш 170 тенгега тушади

Қозоғистоннинг биринчи электромобилида 100 км юриш 170 тенгега тушади

KIA Soul EV деб номланган Қозоғистоннинг илк электрокроссовери “Осиё Авто” заводи конвейеридан чиқди. Кроссовер дарҳол жамоатчилик ва нашрларнинг эътиборини тортди, деб хабар бермоқда BNews.kz сайти.

Кроссовернинг қулай ва эргономик ишлангани автоҳаваскорларнинг эътирофига сазовор бўлди. Кўркам қиёфали машинанинг сарф-харажати чўнтакни чақмайдиган даражададир.

KIA Soul EV электромобили сиғими 27 кВт/соат бўлган литий-ионли полимер батареядан қувватланади. Тўла заряди билан 200 км йўл босиши мумкин. Моторининг қуввати 110 от кучига тенг. Энг юқори тезлиги соатига 145 кмни ташкил этади. Батареяни зарурий пайтда иситиш ва совутиш хусусиятига эга термоназорат тизими шарофати билан Soul исталган ҳароратда ишлатишга тайёрдир.

Ўскемен шаҳрида йиғилган мазкур электромобиль Остона ва Шарқий Қозоғистоннинг автойўлларида -30 даражагача совуқда бир неча бор синаб кўрилди.

Электромобилни оддий хонадон розеткасидан зарядлаш учун 14-18 соат вақт сарфланади. Соатига ўртача 2 кВт-соат энергия “ейди”. CHAdeMO стандартидаги зарядлаш қурилмаси ёрдамида машинани 15-30 дақиқада 80 фоизгача қувватлантириш мумкин. 100 км йўл босиши учун зарядлаш нархи 170 тенге (бир ярим минг сўмча) туради.

Эслатиб ўтамиз: шу йилнинг 29 июн куни Президент Нурсултон Назарбоевнинг Ўскемен шаҳридаги автомобиль заводига ташрифи чоғида Қозоғистоннинг биринчи электромобили кўрсатилган эди.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"