Renault компанияси купе-кроссовер чиқаради

Renault компанияси купе-кроссовер чиқаради

Renault компанияси кузови купе моделларникига ўхшаш кроссовер чиқаришни режалаштирмоқда. Янги моделнинг прототипи кузда Париж автосалонида намойиш этилади. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб Autocar нашри хабар бермоқда.

Тахминларга кўра, концептуал купе-кроссоверни ишлаб чиқариш қарори синов тариқасида тайёрланган ва 2015 йили Франкфурт моторшоуида намойиш этилган Mazda Koeru моделининг муваффақияти билан боғлиқ. Французча прототип ҳам ўша автомобилга ўхшаб кетади — томи қия, кўриниши спортча ва салонида беш ўриндиғи бўлади.

Экстерьернинг бир қатор элементлари сериялаб ишлаб чиқарилаётган Kadjar моделидан олинади. Айни вақтда, концепт-кар мутлақо янги салон билан таъминланади — бу салон Renault’нинг бўлажак моделлари ҳақида тасаввур бера олиши керак.

Тахминларга кўра, прототип тўлиқ электр-мотор билан таъминланади. Французлар ҳажми ҳозирги Zoe ва Twizy моделларидан каттароқ бўлган автомобиллар ҳисобига ўз электрокарлари қаторини кенгайтиришни мақсад қилган.

Купе-кроссоверни сериялаб ишлаб чиқаришга туширишдан аввал, Renault кейинги бир неча йил давомида компания шеф-дизайнери Лоренс ван ден Акер раҳбарлиги остида ишлаб чиқилган концепт-карларни омма эътиборига ҳавола қилади.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Аравакаш Жимми

Жимми — ҳинд фильмлари ихлосманди. Араваларга эса ҳинд фильмларидан ҳам кўпроқ қизиқади. Айниқса, электр токида ҳаракатланувчи ва ўзиюрар машиналар ҳақида ўқиш ва ёзиш — Жиммининг жону дили! Ўзи мутолаа қилган хабар-мақолаларнинг энг сараларини сизга ҳам илинади.