Rivian Automotive 45 даражали тепаликка чиқа олувчи пикап ясамоқда

Rivian Automotive 45 даражали тепаликка чиқа олувчи пикап ясамоқда

Американинг ўтган йили Mitsubishiга қарашли заводни сотиб олган Rivian Automotive стартапи беш ўринли A1T пикапи ва етти ўринли A1C йўлтанламасини ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Иккаласи ҳам ягона шассида қурилади ҳамда учинчи даражали автопилоти бўлади.

Биринчи бўлиб электрли пикап савдога чиқади. Инженерларнинг айтишича, унинг туби ердан 360 мм баланд бўлади. Бу, ҳақиқатан, машинани жуда сервиқор кўрсатади. Пикап 1,1 метрли чуқурдан бемалол ўтади ҳамда 45 даражали тепаликка ўрлашга қодир бўлади.

Машинанинг энг кучли версиясига 811 от кучига эга электромотор ўрнатилади. У уч сонияга бормай юз тезликка чиқади. Тўла заряди билан 724 км масофани босиб ўтади. Тўғри, асос версияси бу қадар кучли эмас, заряди 322 кмга етади.

Юқорида саналган янги русумлар кузда Лос-Анжелес автосалонида кўриниш беради. 2020 йилдан уларни ялпи ишлаб чиқариш бошланади.

Rivian Automotive ҳақида кўп нарса маълум эмас. Компания 2009 йилда ташкил этилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"