Россияга электромобилларни бож тўловисиз киритилиш муҳлати узайтирилади

Россияга электромобилларни бож тўловисиз киритилиш муҳлати узайтирилади

Электромобилларни РФга божсиз киритилиш муддати узайтириладиган бўлди. Жорий йилнинг 31 декабригача бўлган муҳлат келгуси йил давомида ҳам сақланиб қолади. Ҳукуматдаги манбаларига таяниб “Автостат” агентлиги хабар беришига кўра, бекор қилинган 19 фоизли ставка Евроосиё иқтисодий иттифоқи (Россия, Арманистон, Қозоғистон, Белоруссия ва Қирғизистон) ҳудудида амал қилади. Гибрид моторли автомобиллар имтиёзга эга эмас.

Жорий йилнинг 1 январидан 31 октябригача бўлган муддатда Россияда 99 электромобиль сотилган, ўтган йили бу кўрсаткич 157 тага тенг эди. Харидорлар энг кўп Тесла моделини танлаган (99 тадан 51 таси Tesla Model S).

Электромобиль анъанавий автомобилдан қимматроқ туради, аммо табиатни муҳофаза этиш масаласи жаҳонда тобора долзарблашиб бораётганлиги туфайли кўплаб мамлакатларда ҳукумат қўллови билан аста-секин оммалашмоқда. АҚШда электр қуввати билан юрадиган автомобиллар юз минглаб сотилади. Уларнинг афзалликлари хусусида бу ерда ўқишингиз мумкин.

Автомобилларга бож тўлови масаласида Ўзбекистонда вазият қай ҳолатда?

«Бож тарифи тўғрисида» ги қонунга кўра, чет элда ишлаб чиқарилган машинани Ўзбекистонга олиб келгач, машина эгаси доимий яшаш жойидаги божхона идорасида расмийлаштирилади.

Машинани божхона расмийлаштирувидан ўтказиш пайти унинг божхона қиймати ҳисобланиб, тўрт хил турдаги божхона тўлови ундирилади.

1) Импорт божи

2) Акциз солиғи — Божхона ўрнатган машина қийматининг 2 фоизи.

3) Қўшилган қиймат солиғи — Ўзбекистон Солиқ кодексининг 206-моддасига биноан белгиланадиган солиқ солиш базасидан 20 фоиз (базани ҳисоб-китоб қилиш учун товарнинг божхона қийматига акциз солиғи суммалари (агар мавжуд бўлса) ва импорт божхона божи қўшилади);

4) божхона йиғимлари

Ўзбекистон Адлия вазирлигининг 1998 йил 8 апрелдаги «Эркин савдо қилиш тартибини кўзда тутувчи келишувни имзолаган давлатлар эркин савдо қилиш зонасини яратиш тўғрисидаги келишув қатнашчилари Рўйхати» да номлари келтирилган 10 та мамлакатда (Беларус, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Россия, Туркманистон, Тожикистон, Украина, Қирғизистон ва Қозоғистон) ишлаб чиқарилган импорт қилинувчи товарлар учун ҳеч қандай божхона божи ундирилмайди. Машина эгаси божхона органларига ушбу автомобилнинг ҳақиқатан ҳам шу мамлакатда ишлаб чиқарилганлигини тасдиқловчи сертификатни тақдим қилиши лозим. Амалдаги тартиб-қоидага кўра, дунёнинг бошқа давлатларида ишлаб чиқарилган машина Ўзбекистонга импорт қилинганда божхона божи белгиланган ставканинг бир баравари миқдорида ундирилади.

Экология масаласи, нафақат, жаҳонда, балки мамлакатимизда ҳам кун тартибидан ўрин олаётганлиги сабабли Ўзбекистонга электромобиль олиб кириш учун кенг имтиёзлар яратиш, қўшимча тўловлардан воз кечиш фурсати етди.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"