Россиянинг “Матрёшка” ҳайдовчисиз автобусини Сочида синаб кўришади (видео)

Россиянинг “Матрёшка” ҳайдовчисиз автобусини Сочида синаб кўришади (видео)

Россия ҳайдовчисиз технологиялар соҳасида ғарбдан ортда қолмоқчи эмас. Volgabus ва Bakulin Motors Group компаниялари томонидан “Матрёшка” номли (ғарбда MatrЁshka  деб ёзиш урфда) электрли автобус ясалаётгани ҳақида бир неча марта хабар бердик. Россияда катта ваъдалар билан бошланган технологик лойиҳалар узоқ давом этмаслигига бир неча бор гувоҳ бўлган айрим фуқаролар “Матрёшка”нинг тақдири ҳам Marussia или Ё-мобилникига ўхшашини каромат қилмоқда. Бироқ автомобилсозлар, бу гал барчаси бошқача бўлади, “Матрёшка” эркин савдога чиқарилади ва муваффақият қозонади, дейишяпти.

Ҳозирча, ҳайдовчисиз автобусни катта йўлга қўйиб юбориш ҳақида гап бормаяпти. Чунки Россия йўллари автопилотнинг талаб даражасида эмас. Даставвал “Матрёшка” ёпиқ ҳудудларда, масалан, йирик корхоналар ҳовлисида, технопаркларда, аэропортларда йўловчиларни ташийди. Сўнгра ёпиқ шароитда яхши ишлаган автобусни умумфойдаланиш йўлига чиқарилиши ҳақида ўйлаб кўрилади.

2016 йилнинг охиригача бешта “Матрёшка” йиғилган. Уларни “Сколково”даги махсус полигонда синаш бошланган. Бу йили эса Санкт-Петербург ва Сочи кўчаларида синаб кўрилади. “Матршёка”созлар “Тесла”ники сингари автопилот яратишни кўзламаётганлигини олдиндан билдириб қўйди. Бу автоном тизим ҳайдовчига ёрдамчи бўлади.

Автобуснинг техник кўрсаткичлари камтаронадир. Дақиқасига 7 минг марта айланувчи, қуввати 45 кВтга тенг электрли двигатель ўрнатилган. 32 кВт•соатли аккумуляторининг заряди 30 км/соат тезликда 130 км йўл босишга етади. Бу ёпиқ майдонда йўловчиларни манзилга элтиш учун етарли тезликдир, масалан, Лондон аэропортидаги ҳайдовчисиз микроавтобусларнинг тезлиги соатига 40кмдан ошмайди. “Матрёшка” 1300 кг юкни кўтаришга қодир. Тўлиқ вазни 2800 кг. Габарити 4,6 х 1,7 х 2,5 м.

“Матрёшка”ни 2017 йилнинг кузидан бошлаб Владимир областидаги заводда ишлаб чиқарилади. Бошламасига 8-12 ўринли автобус нархи 6,5дан 10 млн рублгача бўлади, аммо кейинчалик 3-3,5 млнга тушириш режаси бор.

Айтиб ўтиш керакки, Россияда ҳозир ҳайдовчисиз транспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солувчи қонунчилик асослари ишлаб чиқилмаган. Шунинг учун “Матрёшка” катта йўлда юриб кетишига вақт эрта.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"