Рулдаги оналар: болангизни автомобилда ёлғиз қолдирманг!

Рулдаги оналар: болангизни автомобилда ёлғиз қолдирманг!

Қуйидаги каби воқеалар охирги пайтларда жуда кўп учраяпти. Оналаримиз дўконда, бозорда, нотаниш жойда болаларининг қўлини маҳкам ушлаб, бир зумга бўлсин қўйиб юбормайдилар. Аммо нима учундир автомобиль салони уларга хавфсиз жой бўлиб туюлади. Аслида эса машинада ёлғиз қолган кичкинтой учун хавфлар жуда кўп.

1-воқеа. Ижевск (Россия). Бир ярим яшар қизалоғи ва 1 ойлик ўғли билан ёш оила савдо марказига келади. Йўлда ухлаб қолгани учун чақалоқни машинада қолдиришга қарор қилишади. Орқа ўриндиқда махсус саватчада болани қолдириб, машина эшикларини ёпиб, савдо марказига кириб кетишади. Орадан 40 дақиқа ўтиб, ота-она савдо марказидан қайтганда, чақалоқни жонсиз кўришди. У иссиқда димиқиб ўлиб қолганди.

2-воқеа. Киев (Украина). Ота-она 2 яшар ўғлини ухлаётгани учун уйғотишга кўзи қиймай машинада қолдиришади ва дўконга кириб кетишади. Болакай уйғониб, ота-онасини қидириб машинадан тушади (у авто эшигини ичкаридан очишни эплаган). Йўлнинг қатнов қисмига бирдан югуриб чиқиб қолади. Юк машинаси чап беришга ҳаракат қилса-да, улгурмайди: бола қаттиқ жароҳатлар туфайли оламдан кўз юмади.

3-воқеа. Тошкент (Ўзбекистон). Чилонзор метроси яқинида бир аёлнинг дорихонадан чиқаётиб, «Ёрдам беринглар! Боламнинг бошини узворади ҳозир!!!» деган аянчли қичқириғи эшитилади. Она бир зумгина дорихонага кетаётиб, уч яшар боласини автомобиль салонида қолдиради. Болакай авто ойнасини очади, кейин бошини ташқарига суқиб, ойнани ёпиш тугмасини босиб юборади. Ойна сирғалиб келиб боланинг бўйнига тиралган пайти она кўриб қолиб, ёрдамга чақира бошлайди. Яхшики, атрофдагиларнинг ёрдами билан болакай қутқариб қолинди.

Статистик маълумотларга кўра, АҚШ да 2014 йилнинг ўзида автомобилда ёлғиз қолдирилган 30 нафар боланинг жони узилган. 2013 йилда бу рақам бир ярим баробар катта – 44 нафарни ташкил қилган. 1998 йилдан бери эса жами 637 та болакай автомобилда ёлғиз қолдирилиши оқибатида нобуд бўлган. Уларнинг 70 фоизи ҳали 2 ёшга тўлмаган гўдаклар эди.

Бу биргина давлат миқёсидаги ҳолат. Автомобилнинг нақадар хавфга тўла жой эканлигини англатиш учун бу рақамларни келтирдик.

Бола билан рулга ўтирар экансиз, қуйидаги хавфсизлик қоидаларига амал қилинг.

  • Салонда кичкинтойларни махсус автокреслода олиб юринг.
  • Орқани кўрсатадиган ойна ташқарини тўлиқ кўрсатиши керак, орқа ўриндиқда ўтирган болангизни эмас. Сиз фарзандингизни доим кўриб турган ҳолда ташқаридаги аҳволни билиш учун ҳадеб орқага қарайверсангиз, бу ёмон оқибатга олиб келиши мумкин. Яхшиси, иккита орқани кўрсатадиган ойна ўрнатинг: биринчиси ташқарини кўриш учун, иккинчиси орқа ўриндиқни.
  • Ҳеч қачон, ҳатто бир дақиқага бўлсин болани автомобилда ёлғиз қолдирманг. Бу ўринда қўллайдиган ҳар қандай эҳтиёт чораларингиз охир-оқибат болакай учун катта хавфга айланиши мумкин. Болани автокреслога камар билан маҳкамлаб кетсангиз, асабий зўриқиши, типирчилаши ва камарга ўралиб, бўғилиб қолиши мумкин. Эшикларни қулфласангиз, димиқади, очиб кетсангиз, ё катта кўчага чиқиб кетади, ёки юқорида келтирилган воқеадек, ойнани очиб, хавф туғдиради. Бундан ташқари, тезлик ричагини ўйнаши, автомобилни қўл тормозидан чиқариб юбориши, педалларни тартибсиз босиб автомобилни ҳаракатга келтириши ҳам мумкин.
  • Агар йўл-патруль ходими сизни тўхтатса, болани машинада қолдириб, ўзингиз тушманг. Рулда қимирламай ўтираверинг, ходим ўзи келиб, сиз билан гаплашади. У, шунчаки, ҳужжатларингизни текшириш учун тўхтатган бўлса, бу айни муддао. Бордию, сиздан машинадан тушиб далолатнома тузиш учун у билан боришингизни сўраса, бу бир неча дақиқа давом этади-ку деган ўй билан кичкинтойни машинада қолдирманг, уни ҳам ўзингиз билан олиб чиқинг.

Юқоридаги оддий, аммо муҳим қоидаларга риоя қилиш билан сиз, аввало, кичкинтойингизнинг хавфсизлигини, қолаверса, ўз хотиржамлигингизни таминлайсиз. Билиб бўлмайди: бир дақиқада битадиган ишингиз ярим, ҳатто, бир соатга ҳам чўзилиши мумкин. Болангиз сиз билан бўлгани маъқул.

Болаларни асранг!

Манба: Darakchi.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.