Самарқанд автомобиль заводида газда ишловчи автобуслар серияли ишлаб чиқарилади

Самарқанд автомобиль заводида газда ишловчи автобуслар серияли ишлаб чиқарилади

Самарқанд автомобиль заводи фаолият бошлаганига 19 йил тўлди. Бу ҳақда «Дарё»га корхона мутасаддилари маълум қилди.

1999 йилда ташкил топган SamAvto заводи метални бичишдан бошлаб, то тайёр маҳсулотни синашгача бўлган бутун циклга эга бўлган йирик маҳаллий корхоналардан бири ҳисобланади. Ишлаб чиқариш мажмуаси Германия, Италия ва Япониядан келтирилган дастгоҳлар билан жиҳозланган.

SamAvto конструкторлари нафақат юк автомобиллари кузовларини лойиҳалаштириш, балки автобусларнинг янги моделларини ҳам ишлаб чиқиш устида меҳнат қилмоқда.

Хусусан, завод конструкторлари томонидан паст полли LE60 шаҳар автобуси ҳамда шаҳар атрофи ва шаҳарлараро қатновларга мўлжалланган HD50 автобуслари лойиҳалаштирилган. Ҳозирги кунда заводнинг барча маҳсулот турлари БМТ Европа иқтисодий комиссияси талабларига мос, икки автобус эса Божхона Иттифоқининг транспорт турига оид рухсатномани қўлга киритишга муваффақ бўлди.

Катафорез грунтлаш технологиясини қўллаш кузовларнинг коррозияга бардошлилигини 8 баробар ошириш имконини беради, бу эса Самарқанд автомобиль заводи маҳсулотларини Россия ва Қозоғистоннинг оғир иқлим шароитларида фойдаланишга яроқли қилади.

— Яқин кунларда тежамли ва экологик тоза ёқилғи — газда ишловчи автобусларни серияли ишлаб чиқаришга киришишни, шунингдек, Евро 3, 4 ва 5 стандартларига мувофиқ келадиган юк автомобиллари модель қаторини ишга туширишни режалаштиряпмиз. Бу Божхона иттифоқи мамлакатларига нафақат автобуслар, балки юк техникаларини ҳам экспорт қилиш имконини беради, — дейди SamAvto МЧЖ бош директори Ўлмас Йўлдошев.

SamAvto ходимлари Самарқанддаги ўз ўқув марказида ва чет эл мамлакатларида доимий равишда малакаларини оширади. Автомобилларни сотиш, уларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, эҳтиёт қисмлар етказиб бериш учун Тошкентда ва ҳудудларда 21 та дилерлик марказлари ташкил этилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Мавзу:

#автобус

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.