«SamAvto»да 30 мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди

«SamAvto»да 30 мингинчи автомобиль ишлаб чиқарилди

Самарқанд автомобиль заводида ўттиз мингинчи автомобиль — SAZ HC45 маркали автобус ишлаб чиқарилди. Бу ҳақда Daryo.uz хабар бермоқда.

Шу муносабат билан корхонада ўтказилган тантанали маросимда «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти, Япониянинг Isuzu Motors компанияси ва Itochu корпорацияси вакиллари, завод жамоаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Айни пайтда заводда 5 турдаги замонавий автобус, 7 турдаги юк ва махсус атвомобиллар ҳамда улар учун 30 дан ортиқ турдаги кузовлар ишлаб чиқарилмоқда. Самарқандлик автомобилсозлар миллий маҳсулот — LE60 паст шассели шаҳар автобусини яратиш ва уни кенг кўламда ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

2011 йилдан бошлаб заводда сиқилган табиий газда ишловчи двигателлар ўрнатилган автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда. Заводнинг 30 мингинчи автомобили  — SAZ HC45 маркали автобус ҳам сиқилган табиий газда ҳаракатланади ва у ўзбек конструктор-муҳандислари томонидан яратилган моделдир.

«Бундан икки йил аввал — 2015 йил февраль ойида заводнинг 20 минггинчи автомобили чиқарилишини биргаликда нишонлаган бўлсак, бугун ҳамкорлигимиз маҳсули бўлган 30 минггинчи автомашинага гувоҳ бўлиб турибмиз. Келгусида 50, 100 минггинчи автомобиллар чиқарилишини ҳам ана шундай тантана қилишни истаймиз», — дейди Isuzu Motors компанияси вакили Года Казуо.

Тақдимот маросими доирасида меҳмонлар заводдаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишди ҳамда янги автобусларнинг тест-драйв кўригида қатнашди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Мавзу:

#«SamAvto»

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.