Шавкат Мирзиёев Бухоро темир йўл вокзалида йўловчиларга яратилган шароит билан танишди

Шавкат Мирзиёев Бухоро темир йўл вокзалида йўловчиларга яратилган шароит билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида темир йўл вокзалида йўловчилар учун яратилган шароитларни бориб кўрди, деб ёзади Qalampir.uz.

Мазкур вокзал Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарорига асосан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Вокзал ичида VIP ва турли хизматлар кўрсатиш заллари, тиббиёт, она ва бола, дам олиш хоналари, кутубхона, буфет, савдо шохобчалари мавжуд. Бино ташқарисида 4 янги чиптахона ва фаввора қурилди.

Майдони 2,9 гектар бўлган вокзал бир вақтнинг ўзида 500 дан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Бир кеча-кундузда 2 мингдан ортиқ йўловчини кутиб олиб, жўнатиш имкониятига эга.

Давлат раҳбари шу ерда Бухоро – Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишди. Ушбу темир йўл 350 километрдан зиёд. Лойиҳанинг умумий қиймати 283 миллион долларни ташкил этади.

Бухоро – Мискин йўналиши бўйича қуриладиган темир йўлда 8 темир йўл станцияси ва разъездлар барпо этиш белгиланган.

2015 йил 6 ноябрда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Испаниянинг “PATENTES TALGO, S.L.U” компанияси ўртасида яна 2 юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг биттаси Ўзбекистонга олиб келинди.

Президент мазкур янги “Afrosiyob” электропоездининг имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлар билан танишди.

Янги замонавий электропоезд олдингиларига қараганда кенг имкониятга эга. Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган юқори тезликдаги электропоездлар 215 йўловчи сиғимига эга бўлиб, 2 Vip, 2 “бизнес” ва 4 “эконом” тоифали вагонлардан иборат. Янги поезд 287 йўловчи сиғимига эга. Унда “эконом” тоифали вагонлар сони 2 та кўп.

Тез кунларда замонавий электропоезднинг иккинчиси ҳам олиб келинади. Поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилиб, 15 машинист ва 50 га яқин вагон кузатувчисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

“Ўзтемирйўлмаштаъмир” шўъба корхонаси ҳудудида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда. Бу ҳам янги иш ўринларини кўпайтириш имконини беради.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.