Шавкат Мирзиёев GM Uzbekistan АЖ ишлаб чиқарган автомобиллар учун акциз солиғи ставкасини пасайтирди

Шавкат Мирзиёев GM Uzbekistan АЖ ишлаб чиқарган автомобиллар учун акциз солиғи ставкасини пасайтирди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни «2017—2021 йилларда автомобиль саноатини бошқаришни янада такомиллаштириш ва тезкорлик билан ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ўзбекистон раҳбари «Ўзавтосаноат» акциядорлик компаниясини «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамиятига айлантирди, деб хабар қилади Sof.uz.

Президент 2017—2021 йиллар учун Ўзбекистон Республикаси автомобиль соҳасини ривожлантириш дастурини маъқуллади.

Дастурга мувофиқ, «Ўзавтосаноат» АЖ 2021 йилгача товар маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини 3 марта оширади.

Дастур доирасида 800 миллион доллардан зиёд инвестициялар ўзлаштирилади. Шу билан бирга импортнинг ишлаб чиқариш ҳажмига нисбатан солиштирма оғирлиги 12,5 фоизга қисқаради, соҳа корхоналарида банд бўлган кишилар сони 1,2 марта кўпаяди.

Президент GM Uzbekistan АЖ ишлаб чиқарган автомобилларга акциз солиғи ставкасини 29 фоиздан 27 фоизгача пасайтирди. Аммо пасайиш 2017 йил 1 июнгача тузилган ва автомобиль нархининг камида 85 фоизи тўланган шартномалар бўйича сотиладиган автомобиллар учун амал қилмайди.

Шавкат Мирзиёев Пскент автомобиль полигонини «Ўзавтосаноат» АЖ автомобиллари минтақавий синов базасини ташкил қилиш учун берди.

«Ўзавтосаноат» АЖнинг баъзи корхоналарига имтиёзлар берилди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.