Шимолий ва Жанубий Американинг йўл хавфсизлигига оид энг ғалати қонунлари

Шимолий ва Жанубий Американинг йўл хавфсизлигига оид энг ғалати қонунлари

Одатда, қонунлар жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш учун чиқарилади. Аммо баъзида улар шунчалик ғайритабиий бўладики, ақлингни боши берк кўчага киритади. Ўқиб, ўзингиз ишонч ҳосил қилинг.

  • Гавайи оролларида машинага кўзда тутилмаган ҳар қандай ўзгариш киритилса, йўл полициясида қайддан ўтказиш лозим. Йўлтанламас осмасини кўтармоқчимисиз ёки туширмоқчимисиз? Маҳаллий ДАН назоратига учрашиш учун сизда 30 кун вақт бор. Машинангизнинг асл ғилдиракларини бошқа русумникига алмаштиряпсизми? Чип-тюнингни кўнглингиз тусадими? Тутун чиқариш тизимини ўзгартирдингизми? Ҳаммасини ҳужжатлаштиринг, акс ҳолда жарима тўлайсиз ва машинангизнинг ҳаракатланишига тақиқ ўрнатилади.
  • Бразилияда машинани қияликда “нейтрал” узатмада ҳайдаганлик учун жарима тўланади. Ёнилғингиз тугаб қолса, жарима ва жарима майдончасига кўчириш ҳақи ундирилади. Машина кузови ва ойнасига ёрлиқчалар ёпиштириш ҳақида ўйлаб ўтирманг, чунки улар бошқа ҳайдовчиларни чалғитиш хавфи эҳтимоли учун жарима тўлайсиз. Бундан ташқари, нобоп пойабзал, масалан, юпқа шиппакда машина бошқарсангиз ҳам қуртдаккина қилиб пул ундиришади.
  • АҚШда автомобиль салонига, ҳаттоки, муҳрланган шиша идишда алкогол олиб кириш мумкин эмас. Алкогол ичимликларнинг жойи юкхонада эканлиги қатъий белгилаб қўйилган.
  • Канаданинг Онтарио провинциясида мотоциклда кетаётган бўлсангиз, иккала қўлингиз рулда, иккала оёғингиз тегишли тепкиларда, орқангиз эса ўриндиқда бўлиши шарт. Бутун йўл давомида — тасаввур қиляпсизми? Дейлик, қўлингизни бош қашиш учун рулдан, чигилини ёзиш учун оёғингизни тепкидан олсангиз ёки ўнқир-чўнқир зарбидан орқангизни асраш учун думбангизни сал кўтарсангиз, 2 минг долларлик жарима сизни кутиб турибди.

  • Техник кўрик тушунчаси бизда жаримадек гап: машинани текшириб ҳам ўтирмасдан белгиланган пулни олиб муҳр уриб берилади. Аммо Мэн штатида машинанинг қўшимча чироқларидан бирортаси ишламаса ҳам техник кўрикдан ўтказилмайди. Масалан, машинангизнинг туманга қарши фараларидан бири ишламаса, тузаттириб келишга мажбурсиз. Агар кўрикдан олдин иккала фарани ечиб олсангиз, ҳеч ким сизга эътироз билдирмайди ва кўрикдан яхши ўтасиз.
  • Бразилияда автомобиль чироқларини ҳар қандай тусда модернизациялаш мумкин эмас. Туманга қарши фараларни диод чироққа алмаштирсангиз, машинангизни мусодара қилишади. Ксенон чироқлар қўйсангиз, машинангизни мусодара қилишади. Тюнинг фонарлари ўрнатсангиз, машинангизни мусодара қилишади. Полициячи эса автомобилга хос бўлмаган ўзгача чироқлар ўрнатилганлигини яхши фарқлайди.
  • Флорида штатида мотоциклчилар бирор ҳимоя воситасидан фойдаланиши, ҳатто, шлем кийиши шарт эмас. Ҳимоявий кўзойнакни тақса, етарли. Аммо бу ерда ҳар қандай автомобиль суғурталанган бўлиши шарт. Нью-Ҳемпширда эса транспорт воситасини суғурталаш ихтиёрий.
  • Теннеси штатининг Мемфис шаҳрида ҳаракатланаётган автомобилнинг рулида ухлаш ман этилади. Сиз машина бошқараётиб ухлашга ҳеч уриниб кўрганмисиз 😀
  • Мичиганда пикапнинг кузовида одам ташиш тақиқланмайди. Аммо кабинадагиларнинг бари хавфсизлик тасмасини таққан бўлиши шарт, акс ҳолда катта жаримага йўлиқади.
  • Индианада якшанба куни автомобиль харид қилиш мумкин эмас. Торонтода эса шу куни марказий кўчада отлар мурдасини ташиш ман этилади.
  • Юта штатида тез тиббий ёрдам машинасида жинсий алоқа билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади. Пенсилванияда эса бу ишни юк машинасида амалга ошириш мумкин эмас.
  • Вашингтон штатида жиноят қилишни ният қилган ҳар қандай ҳайдовчи маҳаллий полицияга қўнғироқ қилиб, ўз режасидан хабардор этиши лозим. Террорчиликка қарши курашиш мана бундай бўпти 😀
  • Виржиния штатида йўлда автомобилга урилган ҳар қандай жонивор ҳайдовчининг мулкига айланади.
  • Энг қизиқ қонунлардан бири Нью-Жерси штатида амал қилади: автомобилингизга ўзингиз ёқилғи қуёлмайсиз. АЁҚШда ўзига ўзи хизмат кўрсатиш мумкин эмас, бу ишни тажрибали хизмат кўрсатувчи мутахассислар бажаради. Чунки штат ҳокимияти ишсизликни камайтириш ва кўпроқ иш жойи яратиш учун қайғуради. Дарвоқе, баъзилар бу хавфсизлик учун, деб ўйлайди, аммо мазкур қонун қабул қилинганда одамлар бензин портлашини, ҳаттоки, билмас эди.
Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"