Шведлардан ёғоч родстер, катер ва мотоцикл

Шведлардан ёғоч родстер, катер ва мотоцикл

Шведларнинг Gray Design студияси Hydra Collection номи остида бир қанча концептлар сериясини тайёрлади. Унда Hydrafoil қанотли сувости катери, Hydra электрли родстери ва Hydros мотоцикли бор. Ретро услубда ясалган концептларнинг хусусияти экстерьерига ёғоч қопланганлигидир.

Hydrafoil катерининг узунлиги 9,5 метр. Унинг кузови карбонпластик ва кевлардан тайёрланган. Катернинг олд қаноти унинг йўналишини бошқариб, сонияда 32 марта ҳолатини ўзгартиради. Катернинг 100 от кучига эга мотори ҳамда батареялар блоки бор. Катернинг иш фаолияти ҳақидаги ахборот руль бўлмасидаги 30 дюймли эгик дисплейда акс этади.

Hydrafoilнинг одатий тезлиги соатига 32 кмни ташкил қилади, энг юқори тезлиги эса 74 км/соат. Йўл захираси 72,5 кмга етади.

Шунингдек, Hydra номли родстер ҳам ишлаб чиқарилади. Сўзлашувда “вуди” деб аталаётган янги машинанинг ғилдираклари электромоторлар билан интеграциялашган. Жами қуввати 450 от кучига тенг. 215 км/соат тезликда ҳаракатланишга қодир. (Бирор-бир нарсанинг номида woody ёки woodie сўзи иштирок этиши унда ёғоч борлигини англатади).

Бундан ташқари, Hydros электрли мотоцикли устида ишлар кетяпти. Унда, ҳаттоки, конструкция элементлари билан интеграциялашган сабвуферли аудиотизимгача бўлади.

Ёғочли машиналарнинг яна бири Toyota Setsuna концепт-каридир. У Riva Aquarama италян катери услубида ясалган. Шассисининг асосий компонентлари ва кузови ёғочдан, яъни рамаси ясси япроқли қайиндан, кузов панеллари япон кедридан, рули сарв дарахтидан ясалган. Қисмлари эса мих ва бурама михсиз бириктирилганлиги кишини ҳайрон қолдиради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"