Skodaнинг келажаги: интернет, электрлашув ва арзон “ақлли машиналар”

Skodaнинг келажаги: интернет, электрлашув ва арзон “ақлли машиналар”

Япон, немис, инглиз автомобиллари кундан кунга замонавий технологиялар билан жиҳозланаётган даврда чехлар ортда қолмасликка интилмоқда. Skoda бренди сўнгги йилларда жадал ўзгаряпти. Чех машинасозлари маҳсулотларини “ёшартириш” ва рақамли технологияларни жорий этишга бор куч-ғайратини сарфлаяпти. Ўтган йилнинг октябр ойида Прагада Skoda Auto DigiLab “ғоялар маркази” ташкил этилган бўлиб, унда илғор технологиялар соҳасида 16 нафар ўз ишининг устаси изланиш олиб боради. Хўш, чех маркаси 2025 йилгача қандай ўзгаришларни бошдан кечиради? Мақоламиз шу ҳақда.

  1. Машиналар ўзаро мулоқот қила бошлайди

Тасаввур қилинг: тор йўлда кетяпсиз, кутилмаганда бурилишда бузуқ машинага дуч келдингиз. Унинг эгаси ҳушёрлик кўрсатиб ҳалокат чироғини ёқиб қўйган тақдирда ҳам барибир сиз учун кутилмаган ҳол бўлади – тормозланасиз ва айланиб ўтасиз. Аммо автомобиллар ўзаро “гаплаша” бошлагач, сизнинг иштирокингизга ҳожат қолмайди, йўлдаёқ улар бир-бирини огоҳлантириб қўяди.

Skoda Auto DigiLab маркази ўтган йилнинг кузида очилган бўлиб унда ҳозирча 16 нафар рақамли технологиялар мутахассиси фаолият олиб боради. Улар фақат киберхавфсизлик тизими ёки автомобилларни “гаплаштириш” билан шуғулланмайди, балки ишлаб чиқариш ёки машина сотишга оид жараёнларни (жумладан, виртуал воқелик) ҳам технологиялаштиради.

Бу ғоя янги эмас, кўплаб автомобилсозлик компаниялари Car2X тизими устида ишламоқда. Қисқача айтганда, бу автомобилларнинг ҳайдовчи иштирокисиз сервер станцияга (ёки тўғридан тўғри бошқа транспорт воситасига) ахборот узатувидир. Қандай ахборот узатади, дейсизми? Масалан, тўхтагани, бузилгани, йўл-транспорт ҳодисаси, йўлдаги таъмирлаш ишлари, шошилинч хизматлар автомобили яқинлашаётгани ва ҳоказо турдаги. Бу маълумотлар ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашаётган автомобилларга узатилади.

Европада бу лойиҳани С-Roads деб аташади, лойиҳанинг Чехиядаги ҳамкори эса айнан “Шкода”дир. Лойиҳадан пировард мақсад – ЙТҲларни камайтириш, йўл ҳаракатини мақбуллаштириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли моддаларни камайтириш. Буларнинг ҳаммаси учун интернетга уланган мултимедиа мажмуи ва албатта, барқарор, узилиб қолмайдиган, секинлашмайдиган мобиль алоқа тизими лозим. Яна бир ҳақли савол туғилади: бошқа маркадаги автомобиллар билан “тиллашиш” қандай амалга ошади? Бу, ҳозирча, ноаниқ, аммо ягона мулоқот “тили” жорий этилиши ҳақиқатга яқинроқ. Мазкур технологияни ўрнатмаган ҳайдовчиларга эса махсус илова лозим бўлади.

  1. Машинангизни интернетдан “янгилаб” оласиз

Skoda ҳозир 9 дюймли экрани бор замонавий Columbus мултимедиа мажмуини тақдим этмоқда. Функциялари одатдагидек: смартфонлар билан интеграциялашган (Apple CarPlay, Android Auto, Mirror Link), онлайн-хизматлар мавжуд. Skoda Connect иловасини телефонга ёки смарт-соатга юклаб ишлатиш мумкин, унинг ёрдамида масофадан туриб йўл захирасини билса бўлади, электрли иситкични ёқиш ёки машина қаерда жойлашганини билиш имкони бор.

Skoda Connect App иловасини iOS ва Android операцион тизимли смартфонларга юклаб ишлатиш имкони мавжуд.

Бироқ “Шкода”нинг келгуси авлод мултимедиа мажмуаларида нафақат катта экран, балки Car2X технологияси, “ақлли уй” тизими ва йўл давомида қизиқарли жойларни автоматик тавсия этиш тизими бўлади. Amazon Alexa ёки Siriга ўхшаш овозли ассистент пайдо бўлади. Булар ҳали ҳаммаси эмас: автомобилнинг ўзини интернет орқали “юклаб янгилаш” имконияти яралади. Чехлар, ҳозирча, сир бой бергани йўқ, аммо камида автомобиль микродастурини янгилаш ёки янги функцияларни юклаб олиш татбиқ этилиши мумкин. Ҳаттоки, онлайн-шопинг ваъда қилинмоқда.

Бу унча муҳим эмас, деб ҳисоблайсизми? Адашасиз. “Шкода”нинг тадқиқотига кўра, 2016 йилда одамлар ҳаммасидан ҳам автомобилда онлайн бўлиш имкониятига қизиққан. Сўралганларнинг 41 фоизи эса ушбу сервислари яхши ишловчи автомобилга ўз машинасини алмаштиришини билдирган. Келажак хит-парадида эса гибрид ва электромобиллар иштирокини айтиб ўтишимиз жоиз.

  1. Сеники-меникиси йўқ

“Шкода” компанияси шахсий автомобиль миниш иштиёқи ёшларда кундан кунга йўқолиб бораётганлигини инкор қилмайди. Айниқса, катта шаҳарларда бу ноқулай ва қимматга тушади. Шунинг учун компания (пули каму ғояси кўп бўлган) талабалар ва ўз ходимлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Масалан, DigiLab янги бир илова тайёрлади. Бу илова заводнинг пиёда ишчи-ходимларини олиб кетадиган машина топиб беришда кўмаклашади.

Skoda каршеринг хизмати кўрсатувчи компаниялар билан астойдил ҳамкорлик қилади. Ҳамкорлар фақат Чехиядан эмас, Полша ва Португалиядан ҳам топилган.

Келажакда машинадан ҳамкорликда фойдаланиш йўлга қўйилади. Хусусий каршеринг амалиётга кўчади, эгаси автомобилини ижарага бериши мумкин. Автомобиллар “ақлли уй”лар структурасига интеграциялашади, автотураргоҳ ҳақида ахборот олиши, йўлдаги охирги вазиятдан бохабар бўлиши мумкин.

Электромоторли, алюминий рамали ва дискли тормозли Skoda велосипедидаги қўшимча Shimano STePS тизими тепкини 25 км/соат тезликда айлантиришга ёрдамлашади. Велосипед нархи 3,5 минг доллар атрофида.

Чех бренди фақат автомобиль ишлаб чиқариш билан чекланиб қолмоқчи эмас, айнан ҳаракатланиш бўйича хизмат провайдерига айланмоқчидир. Бу қуйидагича амалга оширилади: фойдаланувчи фирманинг иловасини очади ва тегишли манзилга етиб боришнинг барча вариантлари унга тақдим этилади. Автомобилдан ташқари электрли велосипед ҳам таклиф этилади, келажакда барча иш автоном транспорт зиммасига юкланади. У ҳам электрда ҳаракатланувчи бўлади.

  1. Хайр, ички ёнув двигатели

Ҳа, Европа иттифоқи ички ёнув двигателларида қарши аёвсиз кураш эълон қилди. Ҳозирданоқ Милан, Осло ва Стокголмда “тоза” зоналар вужудга келтирилди. 2020 йилда улар қаторига Штутгарт, Париж ва Лондон ҳам қўшилади. Норвегия ва Нидерландия 2025 йилда ички ёнув двигателларидан батамом воз кечади, Британия эса 2040 йилда бу ишни амалга оширади.

Аммо электромобилларни талашиб харид қилишаётгани йўқ. “Бунинг биринчи сабаби – нархи баландлиги”, дейди Skoda Autoнинг маҳсулотларни бошқарув бошлиғи Гвидо Хаак. Масалан, оддий Volkswagen Golf хэтчбекининг нархи 17 850 евро бўлса, унинг электрли эгизаги 34 900 евро туради. Деярли икки баробар қиммат. Одамларнинг электромобилга иштиёқини сўндирувчи бошқа жиҳатлар - йўл захираси камлиги, дизайни зерикарлилиги ва зарядлаш тармоғи етишмаслигидир.

Skoda Vision E – бўлажак серияли русум даракчиси. Дарҳақиқат, ғаройиб машина бўладиганга ўхшайди.

Зарарли моддалар миқдорининг қисқартирилиши ҳақидаги 2020 йилда кучга кирадиган меъёрлар автомобилчининг олдига кескин танловни қўяди. Акс ҳолда уларни катта жарима кутади. Бугун қуйидагича башорат қилинмоқда: 2020 йилда электромобиллар жами савдонинг 8 фоизини ташкил этади, 2025 йилда эса чорагини (Хитойда 30 фоизини). “Бизнинг вазифамиз электромобилларни одамларга жозибали қилиб тайёрлаш”, дейди доктор Хаак. Яъни худди Vision E каби.

  1. Skoda Vision E – жўшқин қиёфа ва шиддатли услуб

“Шкода”нинг биринчи мустақил электромобили кроссовер бўлади (тўғри, 2010 йилдаги Skoda Octavia Green E Line тажрибавий универсалини ҳисобга олмадик). У кўп жиҳатдан Vision E концепт-карига ўхшайди. Машина апрел ойида Шанхай автосалонида кўрсатилган. Узунлиги ва кенглигига кўра “Кодиак”ка ўхшаш, аммо мутаносиблиги ундан истаралироқ, жўшқин қиёфалидир.

Аммо энг муҳим гап ҳали олдинда. Skoda ўз электромобилларининг нархи ички ёнув двигателли машиналарникига тенг бўлишини ваъда қилмоқда. Бу жуда катта қадам бўлиб, олқишлашга арзийди.

Бўлғуси электромобилнинг тавсифлари ҳам қизиқиш уйғотмай қўймайди. Тўлиқ ёки орқа узатмали. Батарея сиғимига қараб йўл захираси 400дан 600 кмгача. Серияли Vision E 6 сонияга қолмай юз тезликка чиқади.

Фойдаланишга қулайлиги борасида гап-сўз йўқ. Юкхонасининг ҳажми 560 литрни ташкил этади. Интернетга уланувчи мултимедиа мажмуи хизматга мунтазир. Учинчи даражали автопилот эса ҳайдовчининг қўлидан чамбаракни олади. Бундан ташқари дизайнерлар Vision Eнинг ташқи қиёфасини сал-пал ўзгартирди. Расмдаги эса янгиланган концепт-кардир. У бизга етиб келишига ҳам оз қолди.

auto.mail.ru

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"