Смартфон автомобиль видеорегистраторига қарши: қай бири афзал?

Смартфон автомобиль видеорегистраторига қарши: қай бири афзал?

Автомобиль навигаторлари сегментини йўққа чиқарган смартфонлар энди автомобиль видеорегистраторларига қарши урушга киришди. Бу қарама-қаршиликда уларнинг ғалаба қозонишга барча имкониятлари борга ўхшайди. Бироқ «Автовзгляд» порталининг аниқлик киритишича, универсал ва ихтисослашган техника ўртасидаги жанговар ҳаракатлар узоққа чўзилиши мумкин, деб ёзади Daryo.uz.

Бир қарашда барчаси оддийдек: исталган замонавий смартфонда видеосъёмканинг барча зарур функциялари мавжуд, видеорегистратор функциясини бажарувчи дастурлар жуда кўп бўлган шароитда автомобиль соҳиби видеорегистратор харид қилиш учун пул сарфлаши ўринсиздек. Замонавий смартфонларнинг кўплаб моделлари кучли камера билан жиҳозланган ва оптик барқарорлаштириш функциясига эга. Бироқ баъзи экспертлар тор доирада ихтисослашган гаджетлар ҳозирча универсал девайслардан афзалроқ деган фикрда. Аслида ҳам шундайми?

Даврийлик бузилмаслиги учун

Смартфонни регистратор ўрнига қўллашга қарши бўлганлар видеорегистратор ёки унинг ўрнини босувчи мослама нафақат тасвирга яхши олиши, балки автомобиль сафарининг бутун тарихини хотирасида сақлаб қолишини кафолатлаши лозимлигини таъкидламоқда. Регистратор видеони даврийлик асосида ёзиб боради: хотира картаси тўлиши билан янги файллар эскиларининг устидан сақланади. Смартфон эса бу ишни картадаги хотираси тўлгунга қадар амалга оширади. Уни эса ўрнатилган дастурлар ва иловалар мунтазам равишда камайтириб боради. Яъни ҳар доим съёмка энг ноқулай вазиятда узилиб қолиши хавфи мавжуд.

Бошқа томондан кўплаб илғор смартфонларни хотираси ўртача сафарлар, ҳатто узоқ саёҳатлар учун бемалол етадиган microSD картаси билан қуроллантириш мумкин. Шунинг учун бу борада ошкора ғолиб йўқ.  Айтганча, сизга кимдир қўнғироқ қилса, телефон «кино олишни» тўхтатишини унутмаслик лозим.

Ишдан чиқади

Баъзи экспертлар фикрича, смартфонларни регистратор ўрнига қўллашнинг яна бир салбий жиҳати узлуксиз видеога олиш ва овоз ёзиш шароитида смартфоннинг оператив хотираси ва процессорига катта оғирлик тушади. Бунинг натижасида у тез қизиб кетиб, қайсидир лаҳзада яхши ишламай қолади. Назарий жиҳатдан, бунинг эҳтимоли мавжуд. Бироқ узлуксиз қувват олиш шароитида муаммосиз видеоёзув давомийлиги юзасидан амалий тажриба ўтказилмаган. Шунинг учун агар бундай муаммо мавжуд бўлса ҳам, бу узоқ сафарларга тааллуқли бўлиши мумкин. Ихтисослашган қурилма ҳақиқатда кўп соат давомида мунтазам видеосъёмка учун мўлжалланганлигини объективлик учун тан олиш керак бўлса-да, бу борада ҳам очиқдан-очиқ афзаллик кузатилмаяпти.

Қўшалоқ зарба

Аксарият смартфонлар ҳақиқатда видеорегистраторларга ютқизадиган жиҳат бу кўриш бурчагидир. Деярли барча видеорегистраторлар кўриш бурчаги 120—130 даража бўлган кенгбурчакли объективлар билан жиҳозланган. Смартфонларда эса бу кўрсаткич 70—90 даражани ташкил этади. Яъни регистраторлар кадрига бир нечта ҳаракатланиш йўли ва йўл чеккаси ҳам тушади. Бундай видео эса ЙТҲни таҳлил қилишда фойдалироқ бўлади.

Бироқ ҳозир ҳам бозорда кўриш бурчаги 100—12о, ҳатто 135 даража бўлган камида 10 та смартфон модели бор. Уларда ҳам видеорегистраторлардаги каби съёмка Full HD режимида ёки камида 1920 х 1080 пикселда олинади. Смартфон ишлаб чиқарувчилар ўз қурилмаларини қўшалоқ камера билан қуроллантириш орқали бундай ютуққа эришди. Шунинг учун видеорегистраторлар бу қарама-қаршиликда вақтинчалик устунлик қилмоқда ва вақт уларга қарши ишламоқда.

Айтганча, қўшалоқ камералар видеорегистраторларнинг турли хил ёруғликда тасвир аниқлигини сақлашга ёрдам берувчи функциясини ҳам деярли йўққа чиқарди. Иккала камера бир нарсани турли фокусдан олиши туфайли аниқлик ва ёрқинликни оширади. Шундан сўнг ҳар иккала камера олган тасвирлар бирлашади ва у максимал даражада ёрқин ва аниқ чиқади. Тасвир видеорегистраторникидан сира қолишмайди.

Кўриб турганимиздек, смартфонлар нафақат навигаторлар, балки видеорегистраторлар ўрнини босишга деярли тўлиқ тайёр. Тўғри, видеорегистраторлардан фойдаланиш ҳозирча бироз қулайроқ, бироқ яқин вақт ичида смартфон ишлаб чиқарувчилар ўз қурилмаларини йўл съёмкаларига тўлиқ мослаштиришига шубҳа йўқ. Уларнинг навбатдаги қурбони эса радар-детекторлардир.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.