SsangYong Женевада янги кроссовер прототипини намойиш қилади
Жанубий Кореянинг SsangYong компанияси SIV-2 концептуал кроссовери ҳамда етти ўриндиқли Tivoli модели тизерлари(сирли реклама хабари)ни тарқатди. Ҳар икки модель ҳам Женева автосалонида намойиш этилади.
SsangYong SIV-2 мазкур тамға остидаги автомобиллар ичида энг улкан йўлтанламас бўлиб, етти ўринли Tivoli моделидан бир поғона юқорида туради. Маълумотларга кўра, модель 2018 йилдан туркум равишда ишлаб чиқарилади ва Nissan Qashqai билан бемалол рақобатга кириша олади.
Прототип 1,5 литр ҳажмли бензинли турбомотор, электр двигатель ва литий-ионли батареядан иборат гибрид қувват қурилмаси билан таъминланган. Компаниянинг қайд этишича, моделга тўлиқ электр двигатель ҳам ўрнатилади.
Бундан ташқари, SsangYong фирмаси март ойида бўлиб ўтадиган моторшоуда етти ўриндиқли Tivoli модели модификациясини ҳам намойиш этади. Кроссовернинг узунлиги 235 миллиметрга оширилиб, 4430 миллиметрга етказилди. Йўлтанламаснинг ҳам олд, ҳам орқа ғилдираклари илдамловчи ҳисобланади.
Янги машинанинг мотор гаммасига 126 от кучига тенг 1,6 литрли бензинли ва дизелли двигателлар киради. Моторлар олти босқичли “механика” ва худди шунча диапозондаги “автомат” трансмиссия билан биргаликда ҳаракатланади.