«Subaru» компанияси «Impreza»нинг янги авлодини яратди

«Subaru» компанияси «Impreza»нинг янги авлодини яратди

«Subaru» компанияси Impreza русумидаги концептуал беш эшикли хэтчбек яратди. Унинг оммавий дебюти Токиодаги автосалонда бўлиб ўтди. Маълум бўлишича, ушбу концепт нафақат Impreza`нинг янги авлодларини дизайни, балки бутун Subaru моделлари дизайни янгиланганини кўрсатади.

Автомобилнинг узунлиги 4,400 мм, кенглиги эса 1,880 миллиметр. Ғилдираклари қамрови 2 670 миллиметрга тенг. Машина фавқулодда дизайнга эга бўлиб, кенг кузови, радиаторининг олтибурчакли панжараси, лочин кўзларига ўхшаш фаралари ва ғилдираклари аркиси кўрган кишини ром этади. Моделнинг қолган техник тафсилотлари ҳозирча сир тутилмоқда.

Аввал хабар қилинганидек, автомобилнинг серияли талқини Subaru Global Platform (SGP)га жойлаштирилади. Янги ишлаб чиқарилган машина спортча дизайн ва ишончли хавфсизлик тизимга эга. Норасмий маълумотларга кўра, Impreza`нинг янги авлоди тақдимоти келаси йили бўлиб ўтади.

Бундан ташҳари, Токиодаги мотор-шоуда Subaru янги кроссовер концепти намойишини ҳам ўтказди. У VIZIV Future Concept деб номланиб, япон брендининг келгуси талқинлари қай кўринишда бўлишини ҳам кўрсатди. Компания матбуот хизмати маълум қилишича, концепт автоматик ҳайдаш тизими ва бир қатор хавфсизлик технологиялари билан жиҳозланган.

У бетакрор дизайн, светодиодли оптика ва кузовнинг қўшимча ҳимоялагичига эга. Моделда аралаш кучланиш қурилмаси бўлиб, ҳам бензинда ишлайдиган двигатели, ҳам электромотор мавжуд. VIZIV Future Concept бошқа лойиҳалардан кам ёқилғи сарфлаши билан ажралиб туради.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!