Таҳлил. Дунёда автомобилларнинг ойнасини қорайтириш учун белгиланган энг қиммат нарх қаерда?

Таҳлил. Дунёда автомобилларнинг ойнасини қорайтириш учун белгиланган энг қиммат нарх қаерда?

Ўзбекистонда 1 августдан автомобилларнинг ойнасини қорайтиришга рухсат берилди. Аммо бу рухсатни олиш автомобил эгаларига маҳаллий мезонлар бўйича ўта қимматга – йилига икки минг доллар атрофида тушади.

Бундай пулни ўртача ўзбекистонлик тўлаши қийин – Давлат статистика қўмитасининг ҳисоботига кўра, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи икки юз долларга яқин. Демак, биргина рухсатномани олиш учун бир киши 10 ойга яқин пул тўплаши керак. Рухсатнома эса бир йилгина амал қилади.

Автомобил ойнасини қорайтириш учун давлатга бож тўлаш амалиёти жаҳонда унчалик кенг тарқалмаган  - собиқ СССР мамлакатлари орасида фақатгина Тожикистон (265 доллардан 500 долларгача) ва Қирғизистондагина (200 доллар атрофида) рухсат олиш учун пул тўланади.

Марказий Осиёдаги уч давлатдан бошқа собиқ иттифоқ давлатларида тонировка учун давлатга ҳеч қандай пул тўланмайди. Евроиттифоқ мамлакатларида ҳам худди шундай.

Ҳукумат баъзида мавсумий чекловлар киритиши мумкин – масалан, Озарбайжонда қорайтирилган ойна билан фақат май ойи бошидан ноябр ўрталаригача юриш мумкин. Рухсат берилмаган даврда ойналари қорайтирилган машинада юрганлик учун 80 доллар жарима тўланади.

Беларусда фақатгина заводдан ойналари қорайтирилган ҳолда ишлаб чиқарилган машиналарга рухсат берилган  - мустақил равишда ойнани қорайтириш мумкин эмас. Қоидани бузганлар 250 долларгача жаримага тортилади.

Стандартларни бузганлик учун Латвия ва Литвада мос равишда 85 ва 40 евро жарима белгиланган. Чеклов фақатгина олд ва олд ён ойналарга белгиланган. Орқа ойнани истаганча қорайтириш мумкин.

Молдовада ҳам шунга ўхшаш қоида – орқа ойнани истаганча қорайтириш мумкин, аммо олд ойналарнинг ёруғлик ўтказувчанлиги талабларини бузганлик учун 115 долларгача жарима ва 5 жарима балли белгиланган (15 баллга етганида бир оз вақтга ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб қўйилади).

Қозоғистонда олд ойналарни қорайтириш тақиқланган, орқа ойналарни эса қорайтириш ёки парда тортиш мумкин. Стандартларга риоя қилмаганлик учун 35 доллар жарима солинади.

Ойнани қорайтириш ишқибозларига энг кўп Россияда эркинлик берилган – нотўғри тонировка учун жарима атиги 500 рубл ёки 8 долларни ташкил этади. Дума депутатлари бу жарима миқдорини оширишни бир неча марта таклиф этишди, аммо бу ташаббус қўллаб-қувватланмади.

Ўзбекистонда тонировка учун жарима энг кам иш ҳақининг 1 баравари миқдорида ёки тахминан 22 доллар эди. Янги қонун лойиҳасига кўра эса жарима миқдори бир неча бараварга оширилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.