Тараққиёт кўчасидаги янги автомобиль йўли мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади

Тараққиёт кўчасидаги янги автомобиль йўли мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилади

Тошкентнинг Тараққиёт кўчасида Оҳангарон шоссесидан шаҳар марказига бориш масофасини қисқатирадиган янги автомобиль йўли қурилмоқда. Бу ҳақда «Ўзавтойўл» акциядорлик компаниясининг матбуот хизматига асосланиб, Daryo.Uz хабар бермоқда.

«Автомагистраль» ихтисослаштирилган йўл қурилиш таъмирлаш бирлашмаси бош пудратчилиги ҳамда Зангиота туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш-фойдаланиш корхонаси ёрдамчи пудратчилигида қурилаётган ушбу 6 тасмалик йўлнинг узунлиги 2,9 километр масофани ташкил қилади. Мирзо Улуғбек кўчаси ва Оҳангарон шоссесини боғлаб турувчи мазкур янги йўл фойдаланишга топширилганда шаҳар кўчаларидаги ҳаракат жадаллиги камайибгина қолмай, Оҳангарон шоссесига тўғридан-тўғри чиқиш имкони пайдо бўлиши ҳисобига ҳаракат иштирокчиларининг вақти ва автомобиль ёқилғиси тежалишига ҳам эришилади.

Фото: «Ўзавтойўл» АК матбуот хизмати

Фото: «Ўзавтойўл» АК матбуот хизмати

«Тараққиёт кўчасидаги янги автомобиль йўлининг қурилиш жараёнида йўл тўшамаси конструкциясининг янги усулидан фойдаланилмоқда. Ушбу усул йўл сифатини ошириш баробарида, асфальт-бетон қоришмаси сарфини камайтиради ва, табиийки, йўл қурилишига кетадиган харажат ҳам сезиларли даражада иқтисод қилинади. Мазкур йўл фойдаланишга топширилганда, шаҳар кўчаларида машиналар тирбандлиги камаяди ва ҳайдовчиларнинг ҳаракатланишига қулайлик яратилади», — деди йўл қурилиш объектида амалга оширилаётган ишлар хусусида «Автомагистраль» ИАЙҚТБ ишлаб чиқариш бўлими бош мутахасиси Б. Авазов.

Фото: «Ўзавтойўл» АК матбуот хизмати

Фото: «Ўзавтойўл» АК матбуот хизмати

Янги автомобиль йўли мустақилликнинг 25 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилиши мўлжалланмоқда.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.