Tarf I ва II – тезкор машина-катамаран

Tarf I ва II – тезкор машина-катамаран

Икки корпусли қайиқни кўргансиз. Авиасозликда ҳам бу концепция учраб туради. Автомобиль қўшкорпусли бўлиши эса камёб ҳодисадир. 1940 йилда италиялик Пьеро Таруффи исмли пойгачи анъанани бузди ва катамарансимон болидда рекорд қўйишга жазм қилди.

Таруффи омади кулган пойгачи бўлиб, Формула-1 ва бошқа чемпионатларнинг совриндори деб топилганди. Шундан сўнг у бошқа йўналишларда рекорд қўйишга киришиб кетди. Ўша даврда қуруқликдаги авто тезлик рекорди 634,397 км/соат бўлиб, Таруффи уни янгилай олмади. Аммо узоқ масофага, масалан, 50 милга, тезлик рекорди янгиласа бўладиган марра эди. Таруффи шу йўналишни мўлжаллади.

1949 йилда Таруффи қўшкорпусли ноодатий болидига Америка патентини олди. 1051-52 йилларда машина Gilera компанияси иштирокида ясаб битказилди. Унга 65 от кучига эга 500 см кубли двигатель ўрнатилган. Ҳозирги кунда бу кам туюлади, аммо 50-йилларда бу катта гап эди.

Двигатель ўнг кажавада, ҳайдовчи ва бошқарув тизими чап кажавада жойлашган. Схема кўп томонлама авиаконструкторча услубдадир. 1954 йилнинг 14 октябрида Таруффи мотор ҳажми 500 см кубгача бўлган машиналарда дунё рекордини ўрнатган – соатига 201 км.

Бу биринчи Tarf I бўлса, Таруффи кўп ўтмай шу кўринишдаги Tarf IIни тайёрлаттирди. Унда 1720 см кубли двигатель ва 290 от кучига эга Maserati мотори бор эди. Кокпит (ҳайдовчи ва йўловчилар учун ажратилган ўйиқ бўлма) жуда торлиги сабабли рул ўрнатилмаган, икки ричаг ёрдамида бошқариларди. Бу русумнинг ҳайдовчиси ўнг кажавада, мотори чапда жойлашган.

Шундай қилиб, Таруффи кўзлаган ниятига етди. 50 мил масофага ўртача 231,744 км/соат тезлик рекордини қўйди. Ундан ташқари 50, 100 ва 200 км масофаларга ҳам ўртача тезлик рекордларини ўрнатишга муваффақ бўлди.

Tarf I ҳозир Туриндаги автомобиль музейи экспонатига айланган. Tarf II эса Австралиядаги турли автомобиль музейларига жойлаштирилди, 2012 йилда 89 минг еврога қандайдир коллекционерга сотилиб кетди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"