Телефон-автомобилни учратганмисиз?

Телефон-автомобилни учратганмисиз?

Ҳа, шундай автомобиль бор. 70-йиллардаги шаҳар телефонлари кўринишидан ишланган, ҳаттоки, тугмаларигача ҳақиқийдек. Carzone.uz антиқа автомобиллар мавзусини давом эттиради ва бу сафар “телефон-автомобиль” ҳақида маълумот берамиз.

Ижтимоий тармоқларда унинг суратини кўриб, фотошопга йўйганлар оз эмас.  Аммо бу ҳақиқий машинадир. 1983 йилда Говард Дэвис исмли мутахассис оддий “Фолксваген Жук” автомобилининг шассисига улкан “телефон”ни ўрнатди. Говарднинг 1975 йилда ишлаб чиқарилган “Фолксваген”и даставвал кўк рангда бўлса, телефон шаклини олгач, қизилга айланди. Машинани қайта қуриш қийин бўлмади: шассига тегмасдан асл кузов олиниб ўрнига “телефон-кузов” қўйилди. Аммо бу ишларни бажариш 1,5 йил вақт олди.

Ясаган уста

Унинг шаклигина эмас, овози (сигнали) ҳам телефонникидек. Давлат рақамига эса PHONES деб ёзилган. Дарвоқе, у қайддан ўтказилган ва умумфойдаланиш йўлларида бемалол ҳаракатлана олади. “Телефонмобил” турли байрам ва томошаларда қатнашади, кўнгилочар тадбирларга ҳам бориб туради.

Телефонсимон автомобилни кўргач, биринчи бериладиган савол: “Унинг олд ойнаси қани?” Оддий жавоб берамиз – олд қисмидаги тўқ рангли панел қорайтирилган ойнадир. Кулранг “тугма”лар ойнани бироз хиралаштиради, аммо йўлнинг умумий манзараси яхшигина кўринади.

Машинани полиция ҳеч тўхтатмаган. Бор-йўғи бир мартагина нохуш ҳодиса рўй берган. 2011 йилда ёққан қалин қор гараж томини қулатиб, остидаги “телефонмобил”имизни босиб қолган. Ана шунақа гаплар.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"