Телефонда гаплашганча йўлни кесиб ўтманг - жарима тўлайсиз

Телефонда гаплашганча йўлни кесиб ўтманг - жарима тўлайсиз

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмайдиган пиёдалар билан курашиш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилади, деб ёзмоқда Sputnik сайти.

Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг йирик шаҳарларида йўл ҳаракатини ҳайдовчиларгина эмас, пиёдалар ҳам бузиш ҳолатлари кўп учради. Айниқса, бу ташвишли ҳол Тошкент шаҳрида кўп рўй бергани боис ҳокимият белгиланмаган жойдан кесиб ўтилмаслиги учун йўл ўртасига темир панжаралар ўрнатишга мажбур бўлди.

Қонунчилик пиёдаларга жарима солишни кўзда тутади. Аммо йўл ҳаракат хавфсизлиги инспекторлари ҳозирга қадар бу иш билан жиддий шуғулланмаган. Буни тартиббузарни аниқлаш процедурасининг мураккаблиги ва жарима миқдорининг озлиги билан боғлаш мумкин. Аммо энди ёндашув бутунлай ўзгаради.

Шавкат Мирзиёев Ички ишлар вазирлигига пиёдаларнинг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш бўйича топшириқ берди. Энди ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари қоидабузарларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича чораларни кучайтиради.

Ўзбекистон маъмурий жавобгарлик Кодексида йўл ҳаракати қоидасини бузганлик учун тегишли жазо белгиланган. Йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтганлик ёки светофор чироғига бўйсунмаганлик учун жарима солиниши мумкин. Шунингдек, пиёдалар ўтиш йўлагидан телефонда суҳбатлашиб, китоб ўқиб, мусиқа тинглаб ё видео кўриб ўтиш ҳам салмоқли жаримага сабаб бўлади.

Қоидабузарлар энг кам иш ҳақининг (ҳозир 172 240 сўм) учдан бири миқдорида жарима тўлаши мумкин. Бу ҳол ҳалокатли вазиятга сабаб бўлса жарима миқдори энг кам иш ҳақининг бир бараваригача етади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"