Тепаликка кўтарилишни биласизми (видеолар)?

Тепаликка кўтарилишни биласизми (видеолар)?

Тепаликлар аро чўзилган йўлларда юрганмисиз? Тепаликка кўтарилиш худди пастга эниш каби қийин ҳисобланади. Биргина ноўрин ҳаракат автомобилни ағдариши мумкин.

Тепалик бу умумий қабул қилинган стандартлар асосида ҳаракатланса бўладиган трасса эмас. Кимдир ошиб ўтган бўлса, мен ҳам уддалайман, дейиш соддаликдир.

Қолаверса, тепалик қанча узун ва тик бўлса, автомобил ва ҳайдовчи шунча қийналади. Шундай фурсат келадики, автомобиль уёғига ҳаракатлана олмай қолади. Шундай жойда машинани сирғанмайдиган қилиб таққа ўрнаштириш ё бўлмаса, эҳтиёткорлик билан пастга ҳаракатланишига қўйиб бериш керак. 

Айниқса, йўлтанламас билан тепаликка ўрлаш машаққатли. Чунки у бўйдор ва залворли машинадир. Енгил машиналарга нисбатан унинг турғунликни сақлаши қийин, салга қийшаяди. Бордию ғилдираклари атайлаб катталаштирилган бўлса (баггиникига ўхшаб) уни ағдариш янаям осон. Бу, айниқса ғилдираклар базаси ва излар оралиғи тор йўлтанламасларга тегишли. 

Йўлсиз шароитда ҳар нарса учрайди: ўнқир-чўнқирлар, сирғанчиқ тошлар, шағал, ўпқончалар ҳаракатга тўсқинлик қилади. Кўпинча, тепани ошолмасдан ҳайдовчилар фақат олдинга газ босаверади. Бу жуда хавфлидир, агар ғилдираклар ерга маҳкам ёпишмаса, машина ёнига ағдарилиши ҳеч гап эмас (юқоридаги видеодагига ўхшаб).

 Пастга энлаш осон дейсизми? Буниям ўзига хос машаққати бор. Автомобиль пастга тушаётганда бошқарувчи ғилдирагига куч келади. Бунинг устига автомобилнинг мотор ва узатмалар қутиси бўлган оғир олд қисми орқа қисмидан “ўзиб кетади”. Биттагина нотўғри ҳаракат машинанинг оёғини осмондан қилишга етарли. Кейин эса думалаётган машинани кузатиш қолади холос. 

Тепаликдан тушаётган ҳайдовчиларнинг кўпи тормозни босганча тезликни пасайтириб ҳаракатланади, муфтани босади, тезлик ричагини эса нейтралга қўяди. Бу мутлақо зарарлидир!  Мотор ва ғилдирак орасидаги боғлиқлик йўқолиб, ҳайдовчи машина устидан назоратни йўқотиши ҳеч гап эмас. Бунинг ўрнига ричагни паст тезликка созлаб аста-секин тушиш керак. Аммо қуйидаги видеода ҳайдовчининг омади бор экан.

 Йўлтанламас тўнтарилиши жуда хавфли бўлади. Паҳлавон машинанинг бор оғирлиги шассисида бўлса, оёғи осмондан келганда шу оғирлик томи ва устунларига тушади. Олдинлари бундай ҳалокат салондагилар учун жуда ёмон оқибат келтирган бўлса, охирги 10-15 йилда пассив хавфсизлик элементлари анча яхшиланди. Ҳозирги йўлтанламасларнинг конструкцияси 70-80-йилдагиларга нисбатан анча пишиқ ишланади.

 Тепаликни забт этишдан олдин йўловчиларни машинадан тушириш, юкни енгиллаштириш маъқул. Юқорига ўрлаётган автомобилнинг тагида одам ҳам техника ҳам бўлмаслиги лозим. Салондаги барча буюмлар маҳкамланган, ҳайдовчининг ўзи камарни таққан бўлиши шарт. Интернетда ағдарилаётган машинанинг ойнасидан чиқиб кетиб, машина тагида қолган одамлар ҳақидаги видеолар тиқилиб ётибди. 

Йўлсизликдан юришга тўғри келса, тажрибангиз етиши ҳақида яхшилаб ўйлаб кўринг. Балки ортга қайтганингиз маъқулдир. Оқ йўл сизга.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"