«Тесла» автомобилларида автопилот пайдо бўлди

«Тесла» автомобилларида автопилот пайдо бўлди

Tesla компанияси ўз автомобиллари учун Tesla Version 7.0 дастурий таъминотини эълон қилди. Ушбу дастур автомобиль борт компьютерига юклаб олинганидан сўнг нафақат дастур интерфейси ўзгаради, балки автоном бошқарув тизими ҳам ишга тушади.

Tesla’нинг автопилот режими автомобилга ўрнатилган камера, радар, ультратовуш датчиклари ва GPS ускунаси ёрдамида амалга оширилади. Дастур барча маълумотларни таҳлил қилиб, автомобилнинг бошқарувини ўз қўлига олади. Хусусан, мустақил равишда эгалланган йўл қатори бўйлаб ҳаракатланиб, уларни ён томонга ўтиш чироқлари ёқилганида алмаштириши, ўзи тезликни ўзгартириши, автотураргоҳлардаги бўш жойларни излаши ва у ерга тўхташи мумкин.

Қайд этилишича, машинани автоном бошқариш тизимининг тўлиқ шакли бир неча йиллардан сўнг ишга тушиши мумкин. Тақдим этилган дастур синов намуна бўлгани сабабдан жавобгарлик ҳайдовчи зиммасида қолади.

Wired нашрининг қўшимча қилишича, янги дастурий таъминот ўрнатилган автомобилларда автопилот тизими ишлаши учун ҳайдовчи вақти-вақти билан чамбаракка тегиб туриши талаб этилади. Агарда тизим ишга тушган вақтда чамбарак айлантирилса, тизим бошқарувни ҳайдовчининг қўлига топширади.

Маълумотга кўра, автоном бошқарувни амалга оширадиган янги дастурий таъминот сўнгги йилда ишлаб чиқарилган ва АҚШ ҳудудида сотилган барча «Тесла»ларда ишлайди. Кейинроқ эса бошқа мамлакатлардаги мижозлар ҳам уни юклаб олиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.