Tesla Европада 100 кВт/соатли батареяга рухсат олди

Tesla Европада 100 кВт/соатли батареяга рухсат олди

Кўпчилик янгиланган Model S электромобили 100 кВт/соатли аккумуляторларга эга бўлишига умид билдирган эди, аммо кутилганидек бўлмади. Шундай бўлса ҳам компания Нидерландияда катта сиғимли батареяларни ўрнатиш учун мувофиқлик сертификатини қўлга киритди. Бу эса Tesla яқин орада Европа бозорига мўлжалланган Model S ва Model X электромобилларини учта комплектацияда (100D, P100D ва P100D Ludicrous пакети билан) тақдим қилишини тасдиқлайди.

Сертификатга кўра Model S 100D вариантида ҳаракатланиш масофаси 613 километрни ташкил қилади. Лекин яна шуни айтиш керакки, бу Европа ҳудудига мўлжалланган кўрсаткич, АҚШнинг атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бериладиган кўрсаткич бироз камроқ, аниқроғи 482 километрдан ортиқроқ бўлиши мумкин. Ҳозирда янги аккумуляторларни етказиб бериш санаси аниқ эмас, бироқ хабар берилишича, бунга узоқ вақт қолмаган.

Шунингдек, Tesla Model X янги аккумуляторларда 482 км масофа босиши тўлиқ тасдиқланмаган. Таъкидлаш керакки, бу кроссовер Model S электрокаридан кўпроқ массага эга. Шундай бўлса-да янги аккумуляторлар сезиларли даражада ҳаракатланиш вақтини чўзиши қайд этилмоқда. Сўнгги X 90D  модели тўлиқ зарядланган батареяларда 413 км масофа босиб ўтади. Янги 100 кВт/соат кўрсаткичга эга бўлган аккумуляторлар нафақат кўпроқ масофага етади, балки ҳаракат тезлигини ҳам оширади. Эслатиб ўтамиз, Model S P90D 2.8 секундда 0 дан 96 км/соатга тезлаша олади, X P90D учун эса айнан мана шу кўрсаткичга эришиш учун 3.2 секунд зарур бўлади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#Tesla

Мавлон Марасулов

Мутахассислиги бўйича таржимон. Олти йилдан буён электрон технологиялар соҳасида ишлайди. Турли чет мамлакатларида ўтказилган конференциялар иштирокчиси.