Тез орада Самарқанд ўзининг тезюрар трамвайлар тармоғига эга бўлади

Тез орада Самарқанд ўзининг тезюрар трамвайлар тармоғига эга бўлади

Самарқандда трамвай йўлларини барпо этиш ишлари жадал суръатлар билан олиб борилаяпти. Бу ишлар «Ўзбекистон темир йўллари» давлат акциядорлик компанияси юқори малакали мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда.

Самарқанд шаҳри ҳокими Акбар Шукуров NUZ.UZ мухбири билан суҳбатда шаҳар трамвай тармоғини барпо этишда Тошкентдаги трамвай йўллари демонтаж қилингач, эскирган техникалар, трамвай ва бошқа жиҳозлар етказилаётгани тўғрисидаги миш-мишларни рад этган, деб Kun.uz ёзмоқда. Ҳокимнинг сўзларига кўра, пойтахтдан фақат Чехияда ишлаб чиқилган унча кўп фойдаланмаган трамвай вагонлари етказилмоқда. Рельслар, шпаллар, трансформаторлар ва бошқа барча зарурий ашёларнинг эса фақат янгилари ўрнатилади.

Шукуровнинг сўзларига кўра, Самарқанд трамвайларида одатдаги тақиллаш овозлари эшитилмайди. Трамвай йўллари шовқин чиқармайди. Шу билан бирга, излар янги усулда ётқизилгани сабаб, турли уланишлар сони кўп бўлмайди. Шунга кўра, йўловчилар ва трамвай йўлларига ёндош уйларда истиқомат қилувчилар учун ҳам қулайлик барпо этилади.

Дастлаб, Самарқандда трамвай тармоғини барпо этиш ғояси билдирилганда, Сартепа мавзесидан Сиёб бозорига қадар трамвай изларини ётқизиш фикри билдирилган эди. Бироқ, кейинчалик бу режага қатор тузатишлар киритилди.

Уч босқичда амалга ошириладиган режанинг биринчи босқичида «Сартепа мавзеси – темир йўл вокзали» йўналиши қурилади. У Беруний, Буюк ипак йўли, Амир Темур ва Туркистон кўчаларидан ўтказилади. Йўлнинг узунлиги 10 кмга яқин бўлади. Трамвай депоси Гагарин ва Рўдакий кўчалари кесишмасидаги собиқ автобаза ҳудудида барпо этилади. Йўлнинг бу қисми 2017 йил Наврўз тантаналарига фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Самарқанд шаҳар ҳокимининг айтишича, ҳозирча, иккинчи ва учинчи трамвай йўлларини қуриш лойиҳасини мутахассислар ўрганмоқда. Умуман, шаҳардаги трамвай йўлларининг умумий узунлиги 34 кмни ташкил этиши керак.

Ҳозирда, трамвай изларини барпо этиш ишларига «Ўзбекистон темир йўллари» ДАКнинг махсус йўл машина станциясининг мингга яқин ходими жалб этилган, 30дан ортиқ турли замонавий техника сафарбар этилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.