Тезюрар электропоезд Шаҳрисабзга қадар боради

Тезюрар электропоезд Шаҳрисабзга қадар боради

«Қарши-Китоб» темир йўл тармоғи (Шаҳрисабз станцияси яқинида) электрлаштирилиб, тезюрар йўловчи поездларининг ҳаракати ташкил этилади. 2017−2018 йилларга мўлжалланган лойиҳа қиймати 58,87 млн АҚШ доллари эквивалентига тенг. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 10 июлдаги қарорида кўзда тутилган, деб ёзади Sof.uz.

Лойиҳа «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг 18,58 млн доллар, «Ўзбекэнерго» АЖнинг 7,31 млн доллар эквивалентига тенг маблағлари, 2018 йилги давлат бюджетидан 50 млрд сўм (14,06 млн доллар эквиваленти) миқдоридаги марказлаштирилган инвестиция маблағлари, шунингдек, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг 18,92 млн доллар миқдоридаги кредити ҳисобидан молиялаштирилади.

Лойиҳа иштирокчилари 2019 йил 1 январига қадар божхона ва солиқ имтиёзларига эга бўлди.

Лойиҳа билан боғлиқ объектлар бунёд этиш учун ер участкалари ажратилиши муносабати билан фермер хўжаликлари кўрадиган зарар ва аҳолининг кўчирилиши маҳаллий бюджет маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

2012—2015 йилларда Самарқанддан Қаршигача темир йўлни электрлаштириш лойиҳаси амалга оширилиб, «Тошкент-Самарқанд-Қарши» йўналишида Afrosiyob поезди ҳаракатланишни бошлаган эди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.