Тиркамали енгил автомобиль трюкларидан завқланинг

Тиркамали енгил автомобиль трюкларидан завқланинг

Volkswagenнинг Норвегия офиси янги “Пассат”нинг нималарга қодирлигини намойиш этди.

Автопоездни бошқариш ҳайдовчидан катта маҳорат талаб қилиши маълум. Қуйида трактор ва бошқа юк машинасига кетма-кет уланган тиркамалар ҳақида сўз юритмаймиз, балки енгил машина тиркамасига тўхталамиз.

Тўй-ҳашамларда мебель ёки хонандалар анжомлари ортилган енгил машина тиркамаларини ҳам учратгансиз. Торроқ кўчага кириб қолганлари манёвр қилолмай қийналганига ҳам кўзингиз тушган. Volkswagen Passat айнан шу ҳолатни назарда тутиб тиркамани автотураргоҳга жойловчи Trailer Assist тизимини ишлаб чиққан. Trailer Assist тиркамани жойстик ёрдамида буриш имконини беради. Орқани кўрсатувчи камера тасвирни ҳайдовчига узатиб туради.

Немис автоконцернининг Норвегиядаги офиси Пассатнинг бу хусусиятини намойиш қилиш учун салкам икки дақиқали видеоролик суратга олди. Унда тиркамали машина чапдастлик билан олдинга ва орқага юради, йўлдаги қатор машиналарни осонгина қувиб ўтади. Ҳатто орқага юриб!

Ҳайдовчи устакорлигининг сири нимада? Буни билишни истасангиз видеони томоша қилинг.

Ҳар эҳтимолга қарши кичик изоҳ: бу ҳолатда тиркама олди тортувчи машинанинг кесилган ярмидир. Ярим бўлак машинага оддий автотиркама шаклидаги каркас ўрнатилган. Аниқроғи, машина тиркамани тортмаяпти, тиркама машинани судраяпти. Иккала тарафда ўтирган ҳайдовчилар ўзаро хабарлашиб бошқаришаётибди. Аммо атрофдагилар, шунингдек, видеони томоша қилганлар ҳам бунинг сири нимада эканини билолмай ҳайрон. Шу жумладан сиз ҳам.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Мавзу:

#тиркама

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"