Токио автосалонида кутилаётган 10 автомобиль
29 октябрдан Токиодаги автосалонда 44-халқаро кўргазма бошланади. Маҳаллий машинасозлар энг қизиқарли ва ғаройиб конструкцияларини намойиш этадилар. Қуйида ушбу тадбирда намойиши кутилаётган 10 автомобиль ҳақида сўз юритамиз.
Toyota Prius. Янги авлодга мансуб бу гибрид машина тузилишида улкан ўзгариш йўқ. Такомиллашган 1,8 литрли бензинли двигатель қуввати 97 о.к., электромоторники эса 71 о.к. Бошқарув модули, редуктор ва батареялари кичрайган ва энергия сақлаши ортган. Японлар агрегатнинг фойдали иш коэффициенти рекорд 40 фоизга етганини таъкидламоқда. Савдонинг чўғига қараб, янги Prius анъанавий никель-металл-гидрид ёки литий-ионли батарея билан жиҳозланиши мумкин. Батарея блоки орқа ўриндиқ остига ўрнатилгани учун юкхонаси кенгайди. Салон эса проекцион дисплей, “ақлли” иқлим қурилмаси, ҳаво оқимини ростловчи мосламалар билан жиҳозланган.
Mitsubishi eXconcept 2. Mitsubishi eX электрокроссовери, нафақат, Dynamic Shieldнинг фирма услуби эволюциясини, балки янги куч қурилмасини ҳам намойиш қилади. Ҳозирча, кўп нарса ошкор қилинмади, аммо концептда автоном юриш тизими ва кўпгина ёрдамчи жиҳозлар бўлиши маълум.
Subaru Viziv Future. Компания вакиллари урғу беришича янги машина “завқ-шавқ ва қалб сокинлиги” тамойилини ўзида акс эттиради (аммо, қизиғи, автомобиль фаол ҳаёт тарзини ифодалайди). Тўла узатмали концепт гибрид қурилма билан жиҳозланган: турбомотор ва электромотор. Машинани автоном ҳайдаш ва жойлаштириш тизими бор.
Daihatsu DBase. Компакт Индонезияда ишланган, аммо япон бозорига мўлжалланган. Бундай автолар ўлчами кичиклиги ва мотори тежамкорлиги учун жуда машҳурдир. Узунлиги 3,4 м, кенглиги ва баландлиги 1,5 мдан ошмайди. Уч цилиндрли, 0,66 л ҳажмли мотор 60 от кучига эга. Келгуси йилдан серияли ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.
Honda FCV. Бўлғуси водородмобилнинг, ҳозирча, фақат шартли номи бор — FCV (Fuelcell Vehicle). У Toyota Miraiга рақобатдош бўлиши кутилмоқда. Honda FCVнинг йўл юриш захираси 700 км, бошқача айтсак, Toyota Miraiникидан икки ярим баробар кўп.
Mazda RX9. Mazda кузовли купе яратиши ҳақида 2012 йилдан бери миш-мишлар юради. Японлар модель ҳақидаги маълумот бераётиб “учини чиқарганда” узун капот, қия том ҳақида тасаввур берган.
Nissan Teatro for Dayz. Бу ихчам автомобиль интернет ва ижтимоий тармоқ ишқибозлари учун топилма бўлади. Nissan конструкторлари келажакда мижозни машина двигателининг қуввати, динамик қўрсаткичлари эмас, замонавий коммуникация воситалари билан жиҳозланганлиги қизиқтиради, дея ишонтирадилар. Бу ажабтовур машина салонининг олд қисмида каттакон сенсор дисплей бўлиб, унда интернет аро сайр қилишдан тортиб мусиқа плееригача бошқарса бўлади. Куч қурилмалари ҳақида маълумот йўқ.
Suzuki Ignis. Ignis кроссовери iM4 Женева концептининг серияли кўринишидир. Фирма қаричи билан баҳо берганда бу модель Vitaraдан қуйироқда туради. Серияли Ignis стартстоп тизимли куч қурилмаси ва рекуператив тормоз тизими билан жиҳозланади.
Datsun Concept. Японлар бу авто серияли модель эмас, Datsun маҳсулоти ривожланиб бориши даракчиси эканлигини айтмоқдалар. Ҳозирча, олд фара ва радиатор панжарасидан бошқа жойини оммага маълум эмас.
Lexus LS. Довруғли Lexus LS седанини кунчиқарликлар, ҳатто, фотоайғоқчилардан ҳам яширишмоқда. Токиода эса серияли машина эмас, концептини кўрсатишади. Водородмобиль версияси ҳам ваъда қилинган бўлиб, у 2020 йилда Токиодаги ёзги Олимпиада ўйинларида расмий транспортга айланади.