Токио автосалонида қандай мўъжизаларни кўрамиз?

Токио автосалонида қандай мўъжизаларни кўрамиз?

Япония пойтахтидаги автокўргазма мўъжизалар намойиши десак адашмаймиз. Кўргазманинг слоганини айтмайсизми - Beyond the motor (двигатель ортидан).

Ўтган йилги автокўргазмада лаби дўрдоқ гапирувчи машина барчанинг олқишига сазовор бўлганди. Бу йили ҳам шунга ўхшаш кутилмаган сюрпризга дуч келишимиз эҳтимоли йўқ эмас.

Сўнгги йилларда “Тойота”чилар водородга бор диққатини қаратмоқда. Улар водородга юрадиган Mirai русумини чиқаришга улгурди, энди эса Токиода газ ёрдамида ҳаракатланувчи бир неча машинани кўрсатади. Уларнинг бири Toyota Fine-Comfort. Бу шоҳона салонли катта минивэндир. Кўркам ва қулай ўриндиқ, планшет, автопилот каби янгиликлар унинг ичидан жой олиши айтилмоқда. Водородмобилнинг йўл захираси минг кмга тенг. Бакига водород тўлдириш эса атиги 3 дақиқа вақт олади.

Яна бир сюрприз Concept-i Ride электрокаридир. Бу митти машина ҳақида carzone.uz хабар берган. Унда иккитагина йўловчига жой бор. Йўл захираси эса 150 км. Самокатсеварларга ҳам “Тойота”нинг совғаси бор. Бу уч ғилдиракли Concept-i Walk электрли самокатидир. Унинг заряди сизни 20 кмгача олиб боришга етади.

Бундан ташқари японлар Tj Cruiser билан мухлисларни шодлантиради. Ҳозирча, концепт, бироқ серияли ишлаб чиқариладиган бўлса, тўпори йўлтанламасларнинг энг антиқаси номига бемалол даъвогарлик қила олади. Tj қисқартма бўлиб, toolbox – “асбоблар қутиси” ва joy – “қувонч” сўзларининг бош ҳарфларидан иборатдир.

Nissan эса йўлсиз шароитда электрни ёрдамга чорлайди. Унинг янги кроссовери бутунлай янги платформада қурилган бўлиб, заряди салкам 600 кмга етади. Фақат платформаси эмас, салони ҳам тамоман янгича. “Тесла” ҳушёр бўл!

Ҳа, бундан ташқари Yamaha компанияси ҳам автомобиль ишлаб чиқаришда ўзини синаб кўради. Бирданига суперкарга қўл урганини айтмайсизми?

Қолаверса, Токиода резина автомобилни кўришга муваффақ бўламиз. Бу жуда қизиқ. Carzone.uz билан бирга кузатишда давом этинг.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"