Токио автосалонининг энг ҳайратланарли автомобиллари

Токио автосалонининг энг ҳайратланарли автомобиллари

Япония пойтахтидаги автокўргазмага ташриф буюрсангиз, гўёки бошқа дунёга тушиб қолгандай бўласиз. Экспонатлар транспорт эмас, мўъжизанинг ўзгинаси. Қуйида автосалоннинг энг ҳайратомуз янгиликлари билан сизни таништирамиз

Nissan IMx – “куйловчи” автомобиль

Бу оддийгина кроссовер концепти эмас, янги эрани бошлаб берувчи транспортдир. Унинг IMx платформаси аввалгиларга ўхшамайди. Бунинг муҳимлиги шундаки, энди ўнлаб янги автомобилларга асос бўлиб хизмат қилади.

Nissan IMx худди аввалги электромобилларнинг камчиликларини тўлдириш учун ясалгандек. Унинг йўл захираси кўп ва зарядлаш муддати оз. Тезгина заряд олувчи Nissan Imxда 600 км йўл босишингиз мумкин.

Бунинг устига машина жуда ақлли. Автопилот – ҳайдовчининг беминнат ёрдамчиси. Аккумуляторларга тўпланган электр энергияси билан уйни ёритса бўлади. Машина ўзини-ўзи автотураргоҳга жойлайди.

Дарвоқе, ақлли автомобилимиз ўз овозига эга. У ўзига хос тарзда ғулдираб “гапиради”. Унинг товушини “Canto” деб номлашди, бу лотинчадан “куйлайман” деганидир. Автомобиль тез юраётгани, секинлашаётгани ёки орқага юраётганига қараб товуш баландлиги ўзгаради.

Hondaнинг йиқилмас мотоцикли

Honda янги “автоматик” мотоцикли билан барчани лол қолдирди. Бу ҳақда илгари ҳам ёзганмиз. Икки ғилдиракли мотоцикл турғунликни сақлаши билан ҳам яккаю ягонадир. У икки ғилдирагида ҳам йиқилиб тушмайди, бунинг учун рул ёрдамида мувозанатни сақлаб турувчи компютер масъулдир. Қолаверса, бу мотоциклда автопилот ҳам бор. Яъни у ҳайдовчисиз ўзи ҳаракатланаверади. Мотоциклчи уйига қайтгач, уни автотураргоҳга йўллайди. Мотоцикл худди ўргатилган уй ҳайвони каби кечқурун инига кириб, эрталаб эгасининг ёнига ўзи келади.

Кўчма ошхона

Бу қути-машина даставвал томошабиннинг кулгисини қистатади. Кўздан кечиргач, эса машинасозларга беихтиёр ҳурматингиз уйғонади. Чунки у беўхшов бўлса-да, кичик бизнес учун ажойиб топилмадир. Масалан, шаҳарнинг гавжум жойида тезпишар таом сотмоқчисиз. Унда сизга айнан қути-машинадан яхшиси йўқ. Чунки у ... икки баробар кенгайиш хусусиятига эга. Видеони кўриб, ўзингиз амин бўлинг. Нархи қанча, дейсизми? Тўрт минг доллардан сал ошиқ. Арзон, жўн, аммо ниҳоятда қулай.

Mazda Vision Concept: ўта бежирим автомобиль

Mazda Vision Concept серияли ишлаб чиқарилмаслиги барчага аён. Бироқ у ҳақида тўхталмасак бўлмайди. Автомобилнинг сирти балиқдек силлиқ ва суйри, бирор-бир ноодатий шакл ёки мураккаб бамперга кўзингиз тушмайди. Афтидан,  “мазда”чилар Mazda 6дан каттароқ седан тайёрламоқчи.

Энг донгдор “Тойота”

Бу электрокар ҳам, келажаги порлоқ кроссовер ҳам эмас, анъанавий “Тойота”ларнинг бири холос. Аммо унинг ўзига хос жиҳати шундаки, Century русумининг 50 йиллик тўйига бағишлаб тайёрланган. Ҳаттоки, серияли машина эмас. Шунга қарамасдан, Centuryнинг ишқибозлари ундан кўзини уза олмайди.

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"