Тўқнашув тестлари 78 минг инсон умрини сақлаб қолган

Тўқнашув тестлари 78 минг инсон умрини сақлаб қолган

Европанинг мустақил тўқнашув тестлари ўтказувчи Euro NCAP қўмитаси 20 йиллигини нишонламоқда. Ўтган муддат давомида қўмита салкам икки минг машинани пачоқлашга эришди.

1997 йилда мустақил Euro NCAP қўмитаси автомобилларнинг хавфсизлигини синашга киришган. Қўмита 20 йиллигига бағишлаб, 630дан ортиқ рейтингни нашр қилди. Йигирма йил ичида махсус усул билан 1800дан ортиқ машина пачоқланган ва автомобиллар нархини ҳисобга олмаганда бунга 160 миллион евродан ортиқ маблағ сарфланган. Нима учун? Албатта, автомобилни инсон учун хавфсиз ҳолга келтириш учун.

Дастлабки тўқнашув тестларида энг харидоргир оилавий автомобилларнинг тузилишига оид камчиликлари аниқланган. Бу автоҳалокатларни олдини олиш учун автомобилни лойиҳалаш усулларининг тубдан қайта кўриб чиқилишига хизмат қилган. 20 йил мобайнида Европа автобозоридаги машиналарнинг 90 фоизи Euro NCAP рейтингида иштирок этган.

Бугун автомобиль ишлаб чиқарувчи корхоналар машинани тўлиқ хавфсизлаштириш учун қўйиладиган талабларни қўллаб-қувватлашади. Аммо бошида бундай бўлмаган.

20 йил аввал тўқнашув тестида синалган машина билан бугунги машина орасидаги фарқни транспорт хавфсизлиги соҳасидаги улкан ютуқ дейиш мумкин. Илгари мутлақо бўлмаган ёки айрим модификациялардагина бўлган технологиялар (масалан, хавфсизлик ёстиқчаси, тақилмаган камарни эслатиш ва электрон барқарорлаштириш тизими) ҳозир Европада сотиладиган автомобилларнинг стандарт жиҳозларида мавжуддир.

1997 йилнинг 4 февралида Euro NCAPнинг биринчи тести натижалари намойиш этилган. Унгача автомобилсозлик корхоналарининг ўзи синов ўтказган, аммо натижаси эълон қилинмаган, мижозлар бир автомобиль бошқасидан хавфсизроқлигини таққослаб кўриш имконидан маҳрум эди. Тўқнашув тестлари, даставвал, харидорлар ва журналистларнинг ғазабига учраган.

Масалан, тестларнинг биринчи даврасида Ford Fiesta ва Volkswagen Polo тўрт юлдузча имконидан учтасини олган. Машҳур Rover 100 биргина юлдузчага лойиқ топилган, Fiat Punto, Nissan Micra, Vauxhall Corsa ва Renault Clio русумлари эса иккитадан юлдузча олган. Пиёдаларни ҳимоялаш даражаси бўйича баҳоланганда бирор автомобиль икки баллдан ортиқ ололмаган. Чунки автомобилсозлар йўл ҳаракатининг энг нозик қатнашчилари хавфсизлигини диққатдан четда қолдиришарди.

Таниқли автомобилсозлик компаниялари мустақил синовларнинг қатъий талабларига бирорта автомобиль жавоб беролмаслигини бир овоздан танқид қилди. Аммо беш ой ўтгач, Volvo S40 ҳайдовчи ва йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича бешта юлдузчага сазовор бўлган биринчи автомобилга айланди. Euro NCAP қўмитаси ишлаб чиққан тартиб-қоидаларга асосланган дастурлар кейинроқ Лотин Америкаси, Жануби-Шарқий Осиёда ҳам пайдо бўлди.

Ҳозир тўқнашув тестининг талаблари янада ортган. Рейтинг беш балли тизимда юритилади. Тестда, нафақат, ҳайдовчи, йўловчи ва пиёданинг хавфсизлиги даражаси, балки автомобилнинг тўқнашувга чап бериш қобилияти ҳам текширилади. Euro NCAP экспертларининг ҳисоб-китобига кўра, йигирма йил ичида камида 78 минг йўлдаги инсоннинг ҳаёти асраб қолинган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"