Тошкент автобуслари Wi-Fi интернет билан таъминланади

Тошкент автобуслари Wi-Fi интернет билан таъминланади

Пойтахт автобусларида интернет тармоғига бепул уланишни таъминлаш лойиҳаси 2017 йил ўрталарида қайта тикланади, деди «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси бошқаруви раиси Отабек Содиқов.

Мазкур лойиҳа илк марта ўтган йилнинг февралида бошланганди. 14-йўналишдаги автобуслар интернет тармоғига бепул уланиш имконияти билан таъминланганди.

Компания йил охирига қадар пойтахтдаги барча Mercedes-Benz русумидаги автобусларни бепул интернет билан жиҳозлашга ваъда берди. «Автобусларни Wi-Fi билан таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Мазкур лойиҳани кечиктираётган сабаблардан бири — биз ушбу автобусларни ишлаб чиқарувчи Mercedes-Benz компанияси билан автобусларга ҳар қандай қўшимча ўзгартириш киритиш масаласини келишиб олишимиз лозим. Ҳозирда ушбу жараён давом этмоқда. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига қадар мазкур масалани ҳал қилишни режалаштирганмиз», — деди Отабек Содиқов.

Унинг сўзларига кўра, Isuzu автобуслари мазкур жараёнга тайёр эмаслиги боис ҳозирча фақат Mercedes-Benz автобуслари интернет билан жиҳозланади. Бепул интернет билан жиҳозланган ҳар бир автобус эшигига бепул Wi-Fi мавжудлиги ҳақидаги махсус маълумотнома ўрнатилади. Йўловчилар мобил қурилмалари орқали тегишли тармоқ номини кўришлари ва унга бепул уланишлари мумкин бўлади, деб ёзади Sof.uz.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.