Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб электричка ҳаракати йўлга қўйилади

Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб электричка ҳаракати йўлга қўйилади

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 24 ноябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзоднинг учрашувдаги нутқи тўлиқ ҳолда «Тошкент оқшоми» газетасида чоп этилган.

Kun.uz‘нинг ёзишича, жамоат транспортини ривожлантириш масалалари. Пойтахтимизда жамоат транспортидан фойдаланиш масаласи бугунги кунда долзарб бўлиб қолмоқда.

Бу борада автобус, метро ва бошқа турдаги жамоат транспортларининг фаолиятини кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади. Шундан келиб чиққан ҳолда, келгуси 5 йилда умумий қиймати қарийб 390 миллиард сўм бўлган 4 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Шаҳарда серқатнов, тирбанд ҳудудлар бўйича 80 та янги автобус йўналиши ташкил этилади. Ҳар йили катта ва ўрта сиғимдаги 100 та автобус харид қилинади. Бу мақсадларга маҳаллий бюджет ҳисобидан 335 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Енгил автомобиль ҳайдовчиларига қулайлик яратиш мақсадида шаҳарнинг Мирзо Улуғбек, Сирғали ва Яшнобод туманларида 4 та кўп қаватли автогаражларни қуриш ишлари бошлаб юборилди. Шундай гаражларни барпо этиш мақсадида келгуси 5 йилда яна 84 та лойиҳа амалга оширилади.

Мисол учун, Сирғали туманининг “Сирғали-6” мавзесида жойлашган 400 та автомобилга мўлжалланган кўп қаватли автогараж қурилишига жами 7,5 миллиард сўм маблағ сарфланиб, у 2017 йилда ишга туширилади.

Тошкент метроси қурилишини давом эттириш юзасидан 2017-2020 йилларда умумий қиймати 295 миллион доллар давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан узунлиги 10 километрдан иборат 8 та станцияни ўз ичига олган 2 та лойиҳани ишлаб чиқиш таъминланади.

Шаҳарнинг ҳалқа йўли бўйлаб узунлиги 66,3 километр бўлган темир йўл транспорт воситасини – яъни, электричкани йўлга қўйиш билан боғлиқ лойиҳа амалга оширилади. Бу лойиҳани 2017-2030 йилларда амалга ошириш учун давлат бюджети ва маҳаллий бюджетлар ҳисобидан 189 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Тошкент шаҳри аэропортида 2019-2020 йилларда янги халқаро терминал қурилиши амалга оширилади. Бунинг учун давлат бюджети, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 336 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Йўл ва йўл ўтказгичлар тармоқларини ривожлантириш масалалари.

Сўнгги вақтда янги кенг автомобиль йўллари ва кўприклар, чорраҳалар барпо этилгани пойтахтимиз йўлларида қатновни бир маромда таъминлаш имконини бермоқда.

Биринчи Президентимизнинг бу масалага ҳамиша катта эътибор қаратиб келганликларининг боисини бугун янада чуқур тушуниб етяпмиз. Айни вақтда бу борада вазият мураккаблигича сақланиб келаётганига ҳаммамиз гувоҳ бўляпмиз.

Истиқболда транспорт коммуникация тармоқлари, чорраҳаларни такомиллаштириш, йўлларни қуриш ва реконструкция қилишнинг пухта ўйланган стратегиясини белгилаш билан боғлиқ махсус Ҳукумат қарори тайёрланиши керак, деб ҳисоблайман.

Ушбу ҳужжатда шаҳар аҳолиси учун қулай шароитлар яратиш, тобора кўпайиб бораётган транспорт оқимини оқилона бошқариш, аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш юзасидан келгуси 5 йилда умумий қиймати 1 триллион сўм, узунлиги 529 километр бўлган лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ барча ташкилий ва молиялаштириш билан боғлиқ масалалар албатта ўз ечимини топиши керак.

Жумладан, шаҳарда 2017-2018 йилларда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 84 миллиард сўм, узунлиги 32,2 километрдан зиёд бўлган “Кичик ҳалқа йўли” барпо этилиши, реконструкция қилиниши ва таъмирланиши белгиланган.

Яқин беш йилда давлат бюджети ва республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 916 миллиард сўм бўлган 12 та янги кўприк қурилади, умумий фойдаланишдаги 68 километрдан ортиқ йўл қурилади ва реконструкция қилинади.

Ҳозирги вақтда республика йўл жамғармаси ҳисобидан Юнусобод ва Мирзо Улуғбек туманларида Бўзсув канали орқали 400 метр узунликдаги ва 6 та полосали, умумий қиймати 38 миллиард сўм бўлган кўприк қурилиши бошлаб юборилди ва у келгуси йили фойдаланишга топширилади.

Чилонзор туманида Бунёдкор ва Муқимий кўчалари кесишган жойда умумий қиймати 42 миллиард сўм бўлган транспорт боғламасини давлат бюджети ҳисобидан барпо этиш бошланади. Бу иншоот кўприк, пиёдалар ўтиш жойи ва олти полосали замонавий автомагистрални ўз ичига олади.

Сирғали туманида 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 79 миллиард сўм, узунлиги 10 километр бўлган 6 полосали Қипчоқ кўчаси реконструкция қилинади. Бу кўча бўйлаб темир йўл устидан янги кўприк барпо этилиши ҳам кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2017 йилда республика йўл жамғармаси ҳисобидан умумий қиймати 42 миллиард сўм, узунлиги 5 километр бўлган 6 полосали лойиҳавий янги кўча барпо этилади.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.