Тошкент метросининг «Юнусобод» йўналиши муддатидан аввал қуриб битказилиши мумкин

Тошкент метросининг «Юнусобод» йўналиши муддатидан аввал қуриб битказилиши мумкин

2001 йилда шаҳарнинг аҳоли зич ҳудудларидан бири бўлган Юнусобод туманида узунлиги 7,6 километр бўлган, олтита бекатдан иборат Тошкент метроси «Юнусобод» йўналишининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Айни пайтда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли қурилиш ташкилотлари «Юнусобод» йўлининг «Шаҳристон» ва «Туркистон» бекатларигача бўлган масофада қурилиш ишларини ҳам давом эттирмоқда. Бу ҳақда Sof.uz ёзмоқда.

Тошкент метрополитени чин маънода пойтахтимиз кўрки ҳисобланади. Ёруғ, шинам, кўркам, бир-бирини такрорламайдиган бекатлар фойдаланувчиларга ўзгача таассурот ва хушкайфият бағишлаши ҳар доим эътироф этиб келинган.

“Боштранслойиҳа” акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, муҳандислик-геологик сабабларга кўра, Сергели туманида ер ости метро йўлини қуриш ўта мураккаб жарёндир. Шу боис мазкур йўналишдаги ҳаракат “енгил метро” кўринишида бўлади. Яъни, “пўлат из”лар ер остида эмас, балки ер усти бўйлаб, эстакадалар (кўприклар) орқали ётқизилади. Чилонзор йўналишининг “Олмазор” бекатидан бошланадиган Сергели йўналишида олтита бекат қад ростлайди.

2017-2020 йилларга мўлжалланган мазкур йўналишнинг қурилиши 170,1 миллион долларга баҳоланган. Узунлиги 7,1 километрни ташкил этувчи иншоот тўлиқ ишга туширилгач, йилига 14 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатиши мўлжалланмоқда. Ўзига хос муҳандислик ечимлари асосида бунёд этилаётган транспорт йўли Тошкент шаҳрининг Чоштепа маҳалласидан ўтиб, Сергели туманининг Йўлдош мавзесидаги Мағриб кўчасигача боради. Тўрт йилга мўлжалланган лойиҳа доирасида бекатларда эскалаторлар, кутиш майдончалари барпо этилади.

– Йўналишнинг Чоштепа қисми баландлиги 15 метр, Сергели ҳудудида эса 8 метр бўлади. Бекатлар конструкция, дизайн ҳамда безаги билан бир-биридан тубдан фарқланади ва такрорланмайди, – дейди лойиҳа муҳандиси Суннат Жумабоев. – Энг қимматбаҳо қурилиш материалларидан, яъни гранит, мармар, ойна, керамикадан фойдаланиш унинг ҳашаматли ва кўркам бўлишига ҳисса қўшади. Лойиҳа бўйича метронинг ўнг томонидан аҳоли яшаши учун кўркам ва замонавий турар-жойлар, унинг икки ёнида кенг ва равон автомобиль йўли қурилади. Шунингдек, кўплаб ижтимоий тармоқлар ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилади.

Метро шаҳарнинг ривожланиш режалари, йўловчилар оқими, турар-жой мавзелари, ишлаб чиқариш, савдо ва дам олиш масканлари жойлашуви, муҳандислик-геологик шароитларни инобатга олган ҳолда қурилади. Энг муҳими, метро шаҳарнинг саноат туманларидан бири бўлган Сергелига етиб бориши, бу ерни янада обод ва кўркам қилади. Ҳудуд инфратузилмаси ривожланишида муҳим аҳамият касб этиб, аҳолининг жамоат транспортидан фойдаланиш қулайликларини оширишга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, 2001 йилда шаҳарнинг аҳоли зич ҳудудларидан бири бўлган Юнусобод туманида узунлиги 7,6 километр бўлган, олтита бекатдан иборат Юнусобод йўналишининг биринчи босқичи ишга туширилган эди. Бу билан Тошкент шаҳрининг шимолий ва жанубий қисмини марказ орқали бирлаштирувчи транспорт йўлаги яратилди. Айни пайтда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли қурилиш ташкилотлари Юнусобод йўлининг “Шаҳристон” ва “Туркистон” бекатларигача бўлган масофада қурилиш ишларини ҳам давом эттирмоқда.

– Ушбу икки бекат оралиғидаги масофа 2,7 километрни ташкил қилади, – дейди “Кўприк қурилиш трести”нинг 67-кўприк қурилиш отряди раҳбари Санжар Юсупов. – Бу юмушларни бажаришда 50 дан ортиқ замонавий техника ва 200 нафардан зиёд ишчи кучидан фойдаланаяпмиз. Лойиҳа бўйича қурилиш ишлари икки йилга мўлжалланган бўлса-да, биз уни муддатидан олдин ниҳоясига етказишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Дарҳақиқат, шу кунларда бу ердаги мавжуд иккита шахта ва туннелда қурилиш ишлари авж паллага кирган. Қурувчилар электрлаштириш жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, энг замонавий ер ости йўли барпо этишга интилишмоқда.

– Метрополитен ноёб транспорт воситаси, унинг қурилиши ғоят мураккаб бўлиб, катта масъулиятни талаб этади, – дейди “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти бош менежер-бош муҳандиси Ҳусниддин Ҳосилов. – Шундай омиллар туфайли метро дунёнинг 71 мамлакатида мавжуд. Айниқса, Тошкент шаҳри ерларида 18 метрдан 50 метргача чуқурликда ер ости сувлари Чимён тоғларидан Сирдарёга қараб оқади. Шу боис 50-60 метр чуқурликдан 700 га яқин насос орқали доимий равишда сув чиқарилиб, даражани нолдан пастда ушлаб туришга ҳаракат қилинади. Акс ҳолда биз юрган ер ости йўли сувга тўлиши мумкин эди. Биз метро қурилишларини бошлашдан аввал Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларнинг мутахассислари билан тажриба алмашдик. Эндиликда қурувчиларимиз ер усти метросини қуришни ўзлаштирмоқда.

Айни пайтда метро йўналишларида фойдаланиладиган кўркам вагонлар “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида тубдан таъмирланмоқда, янгилари ишлаб чиқарилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.