Тошкент шаҳри йўлларида энг кўп учраётган қоидабузарликларга ойдинлик киритилди

Тошкент шаҳри йўлларида энг кўп учраётган қоидабузарликларга ойдинлик киритилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижросини назорат-таҳлил тартибида ўрганиб чиқиш натижаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган тадбирда парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмита аъзолари, ички ишлар идоралари ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида комплекс ижтимоий, ҳуқуқий ва ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилишини назарда тутувчи тизим шакллантирилган бўлиб, ушбу тизимнинг муҳим таркибий қисми сифатида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилган. “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун ушбу соҳани такомиллаштиришда муҳим асос бўлмоқда. Шу билан бирга, яқинда қабул қилинган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун Ички ишлар вазирлиги ва унинг таркибий тузилмалари, жумладан, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўрганиш жараёни кенг жамоатчилик фикри, улар билан амалга оширилган бевосита мулоқотлар орқали ўтказилди. Бу борада аҳолини кенг қамраб олиш мақсадида интернет тармоғи имкониятларидан ҳам фойдаланилди. Жумладан, Facebook ижтимоий тармоғида ижтимоий сўров ўтказилди.

Транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш, йўл харакати қоидалари бузилишининг олдини олиш, қоидабузарларга нисбатан тегишли жазо чораларини қўллаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилган бўлиб, бу борада бир қатор ижобий натижаларга эришилган.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ўрганиш жараёнида ҳайдовчи ва пиёдалар ҳамда ички ишлар органлари томонидан қонун талаблари бузилиш ҳолатлари аниқланган. Охирги пайтларда ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезликни ошириш, маст ҳолда автотранспорт воситасини бошқариш, белгиланмаган жойлардан пиёдаларнинг ўтиши билан боғлиқ бўлган қоидабузарликлар кўп кузатилмоқда.

Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.