Тошкент шаҳрида автомобилларнинг энг юқори тезлиги сезиларли равишда чекланиши мумкин

Тошкент шаҳрида автомобилларнинг энг юқори тезлиги сезиларли равишда чекланиши мумкин

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси аҳоли пунктларидаги кўчаларда тезликни чегаралаш бўйича дунё тажрибасини таҳлил қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари — Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи Рустам Жўраев оммавий ахборот воситалари вакиллари билан биринчи очиқ телемулоқоти чоғида айтиб ўтди. 

Ҳозирда Ўзбекистон аҳоли пунктларида максимал тезлик 70 км/соатни ташкил қилади. Дунёнинг йирик шаҳарларида эса бу кўрсаткич 50-60 км/соатдан иборат. Рустам Жўраевнинг фикрича, ҳозирда дунёда автомобилларнинг максимал тезлиги 70 км/соат бўлган шаҳарлар саноқли қолган. 

«Халқаро тажрибани ўрганганимизда шу маълум бўлдики, Европанинг 29 давлатида максимал тезлик 50 км/соатни, Лондонда 48 км/соатни, МДҲ давлатлари, хусусан Россия, Қозоғистон, Грузия, Арманистон ва Озарбойжонда 60 км/соатни ташкил қилади.

Ҳозирча биз бу масалани ўз ваколатимиз доирасида кўриб чиқяпмиз. Кейинчалик вазирликка ва ички ишлар вазирига таклиф киритмоқчимиз»- деди Жўраев.

«Ўйлайманки, бу йўналишда биз халқаро тажрибани ўрганиш орқали бу масала устида ишлаймиз, ҳозирча фақат таҳлилий ишлар олиб борилаяпти», — деди у.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.