Тошкент трамвайи деполари кимошди савдоси орқали сотилади

Тошкент трамвайи деполари кимошди савдоси орқали сотилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016-йил 5-апрелдаги «Тошкент шаҳри транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштиришнинг чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, пойтахт кўчаларида трамвай қатновига барҳам берилиши муносабати билан, «Тошкент трамвайи» унитар корхонасига тегишли бино ва иншоотлар кимошди савдоси орқали сотилади.

«Тошшаҳартрансхизмат» компаниясининг расмий сайтида жойлаштирилган эълонга кўра, сотиладиган бино ва иншоотлар (майдони 58,3 минг кв.метр) 24,3 гектар умумий майдонни эгаллаган. Рўйхатга иккинчи ва учинчи деполар бино ва иншоотлари, шунингдек, шаҳар электртранспортига хизмат кўрсатиш бўлинмаси ва йўллар хизматига қарашли биринчи ва иккинчи деполар бино-иншоотлари киритилган.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, кимошди савдосидан тушган маблағлар, Ўзбекистон тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 400 дона Mercedes-Benz Conecto Low Floor автобусини харид қилиш учун ажратилган кредитларни қоплашга йўналтирилади.

2016-йил 22-апрелидан бошлаб, шаҳарда 9 ва 13 трамвай йўналишларида вагонлар қатнови тўхтатилди. Аммо ҳозирча, қолган икки йўналиш (8 ва 17) фаолияти қачон тўхтатилиши маълум эмас.

Мамлакат ҳукумати 2011-12 йилларда Чехиядан харид қилинган 20 дона Vario LF трамвай вагонларини хорижга сотиш истагида.

Умуман, «Тошкент трамвайи» ихтиёрида 87 дона вагон бўлиб, шулардан 51тасидан фойдаланилади. Трамвай қатнови тўхтатилган йўналишларда эса, йўлларни демонтаж қилиш ишлари фаол равишда олиб борилмоқда.

«Газета.uz» маълумотига кўра, таъмирлаш ишлари 1-сентябргача мўлжалланиши кўзда тутилган.

Манба: Kun.uz

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.