Тошкент вилоятида янги аэропорт қурилади

Тошкент вилоятида янги аэропорт қурилади

«Норма» нашрининг хабарига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 мартдаги 250-қарори билан «Тошкент-Шарқий» аэродроми базасида фуқаролик (хизмат) авиациясининг замонавий аэропорт мажмуасини қуриш» лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тасдиқланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, «Тошкент-Шарқий» аэродроми Мудофаа вазирлиги тасарруфидан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказилган. Компания айрим вазирликлар ва идоралар билан биргаликда «Тошкент-Шарқий» аэродромининг бинолари, иншоотлари ва лойиҳа майдонини, шунингдек, қурилиш зонасига кирмайдиган ҳудудларни аниқлади. Аэродром базасида фуқаролик (хизмат) авиациясининг замонавий аэропорт мажмуасини қуриш ишлари бошланди.

Янги аэропорт қурилиши учун нафақат аэродром бинолари, иншоотларининг тегишли ҳудуди ҳамда уларда ўрнатилган ускуналар ва муҳандислик коммуникациялари, балки Мудофаа вазирлигининг 94 ва 122-ҳарбий шаҳарчалари (Тошкент вилояти Қибрай тумани), шунингдек, «Тошкент механика заводи» АЖнинг бинолари ҳамда иншоотлари тегишли ҳудуди билан ажратилди.

Аэродром ва ҳарбий шаҳарчалар ҳудудида жойлашган, бироқ қурилиш зонасига кирмайдиган объектлар Тошкент вилояти ҳокимлигига текин берилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31 мартдан кучга кирди.

Carzone.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.