Тошкентда 20 дан зиёд ноқонуний “Яндекс.Такси” автомобиллари жарима майдонига жўнатилди

Тошкентда 20 дан зиёд ноқонуний “Яндекс.Такси” автомобиллари жарима майдонига жўнатилди

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги тегишли лицензия олмасдан “Яндекс.Такси” фойдаланувчиларини ташиш билан шуғулланган 26 нафар ҳайдовчини аниқлади. Бу ҳақда UzNews хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тошкентда йўловчи ташиш хизмати кўрсатувчи ўнлаб хизматлар қатор ваколатли ташкилотларга (Давлат рақобат қўмитаси, Ахборот-коммуникация вазирлиги, Автомобиль транспорти агентлиги, Рақобат қўмитаси) “Яндекс.Такси”нинг Ўзбекистон ҳудудида ноқонуний фаолият кўрсатишига чек қўйишни сўраб жамоавий мурожаат йўллаган.

Мурожаатда айтилишича, “Яндекс.Такси” мобил интернет-серверини ишга туширган номаълум шахслар республика ҳудудида хўжалик юритувчи субъектни рўйхатдан ўтказмасдан ҳамда қонунчиликда кўзда тутилган қатор меъёрларга риоя қилмаган ҳолда (тегишли лицензияларга эга бўлмасдан) ўз тижорий фаолиятини бошлаган.

Айтилишича, мурожаат тегишли идораларга 11 май куни йўлланган.

Хабарга кўра, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги бошқармаси “Яндекс.Такси” мобил иловаси орқали йўловчи ташиш билан ноқонуний тарзда шуғулланган ҳайдовчиларни аниқлаган.

Ана шундай 26 нафар ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-3-моддаси (“Автомобиль транспортида йўловчи ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш”)га мувофиқ баённомалар расмийлаштирилган, уларнинг автомобиллари эса жарима майдонига юборилган.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.