Тошкентда 9 ва 13-трамвайлар ҳаракати 22 апрелдан тўхтатилади

Тошкентда 9 ва 13-трамвайлар ҳаракати 22 апрелдан тўхтатилади

22-апрель кунидан бошлаб Тошкент шаҳридаги трамвай йўналишлари сони 2та қолади. Uz24 сайтининг «Тошшаҳартрансхизмат»га асосланиб хабар беришича, Тошкент шаҳридаги 9- ва 13-трамвай йўналишлари фаолияти 22 апрелдан бутунлай тўхтатилади.

Ушбу йўналишларни тугатиш ҳақидаги буйруқ 21-апрель куни чиқарилган.

17- ва 8-трамвайлар фаолияти тахминан 1 июнга қадар давом этиши айтилган.

Манбанинг маълумотига кўра, трамвай деполари хизматчилари қайта тайёргарликдан ўтиб, Тошкент метрополитенида ёки «Тошшаҳартрансхизмат»нинг бошқа бўлинмаларида иш билан таъминланиши кўзда тутилган.

Тошкент шаҳри ҳокимияти Тошкент шаҳридаги 6та трамвай йўналишлари фаолияти тўхтатилиши ҳақида март ойи охирида маълум қилганди.

12-апрель куни Тошкент шаҳрида №12 йўналиши («Бешқайроғоч» даҳасидан «Беруний» метросигача) ва №26 йўналиши («Қўйлиқ-6» дан «Тошкент» вокзалигача) бўйича ҳаракатланадиган трамвайлар ҳаракати тўхтатилди. Натижада, шаҳарда фақат 4та трамвай йўналиши қолди.

Кейинроқ 20-апрелдан бошлаб 9-рақамли («Тошкент» вокзали — «Чилонзор-26» даҳаси) ва 13-рақамли («Тошкент» вокзали — «Қўйлиқ маркази») йўналишдаги трамвайлар ҳаракатланишдан тўхташи ҳақида хабар берилди.

Аммо бу хабар амалда исботини топмади — 20-апрель куни трамвайлар қатновни давом эттирди.

Шу тариқа, шаҳарда 115 йилдан буён ҳаракатланиб келаётган трамвайлар 2010-йилнинг баҳорида ёпилган троллейбуслар ортидан тарихга айланмоқда. Бунинг сабаби сифатида уларнинг жамоат транспортининг бошқа турларига нисбатан «самарасиз» эканлиги келтирилган.

Шу ойдан бошлаб трамвайлар ҳаракатланган йўналишларда мос равишда Т8, Т9, Т13 каби автобуслар ҳаракати йўлга қўйилди. Бу йўналишларда Isuzu автобусларидан фойдаланилмоқда. Сентябрь ойи охиригача шаҳар ҳокимияти 80та шундай автобуслар сотиб олиб, ҳар бир йўналишга 10тадан 18тагача автоулов қўйишни режалаштирган.

Манба: Kun.uz

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.