Тошкентда автобуслар ҳаракатини кузатишга мўлжалланган TashBus мобил дастури ишга туширилди

Тошкентда автобуслар ҳаракатини кузатишга мўлжалланган TashBus мобил дастури ишга туширилди

«Тошшаҳартрансхизмат» компанияси шаҳар автобуслари ҳаракатини кузатишга мўлжалланган TashBus мобил дастури (Android) синов режимида ишга туширилгани ҳақида маълум қилди, деб Kun.Uz ёзмоқда.

Ушбу дастур ёрдамида фойдаланувчилар автобуснинг бекатга келиш вақтини билиб олиш орқали ўзларининг йўлга чиқишларини режалаштира олишади. Шу билан биргаликда ушбу дастур автобуснинг давлат рақами, ҳаракат тезлиги ва бекатгача бўлган масофа сингари маълумотларни беради.

tashbus

Шунингдек, фойдаланувчилар илова ёрдамида қўйидаги имкониятларга ҳам эга:
— танланган йўналишдаги автобусларнинг ҳаракатини кузатиш;
— автобусларнинг танланган бекатга келиши вақтига оид маълумотга эга бўлиш;
— танланган бекатдан қайси йўналишлар ўтиши ҳақида маълумот олиш;
— энг яқинроқдаги автобуснинг энг яқин бекатгача бўлган оралиқ масофасини билиб олиш;
— жадаллик имкониятига эга бўлиш учун танланган йўналишлар рўйхатига янги йўналишлар қўшиш ва яна бошқа ҳар-хил фойдали функциялар.

Бекатлар каталоги тегишли бекатдан қайси йўналишлар ўтишини билишга ёрдам беради. Қидирув функцияси орқали автобусни рақами бўйича, бекатни эса номи бўйича топиш мумкин. «Жойлашув» функцияси яқин атрофдаги бекатларни кўрсатиб беради. Йўналишларга тезда кириш учун уларни танланган рўйхатга киритиш талаб этилади.

Grand Technology System компанияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастур пойтахтдаги барча автобус йўналишларини қамраб олади. Яқин орада унинг iOS-версияси ҳам чиқарилади.

Бундан ташқари, хизматнинг веб-версияси — «TashBus.uz» сайтини ташкил этиш режалаштирилган.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.