Тошкентда жамоат транспорти “корейсчасига” ҳаракатланади

Тошкентда жамоат транспорти “корейсчасига” ҳаракатланади

Жанубий Кореянинг LG CNS компанияси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимияти шаҳар жамоат транспортини бошқаришнинг TOPIS деб номланган янгича замонавий тизимини қўллашни режалаштирмоқда. Бу бошқарув тизими Сеул шаҳрида анчадан бери ишлаб келади, деб ёзмоқда Podrobno.uz.

Корея пойтахтидаги TOPIS тизимида йўлдаги барча вазиятлар, жумладан стихияли фалокатлар ва КХДР билан уруш ҳам олдиндан кўзда тутилган. Айтиш керакки, кўп миллион одам яшайдиган Сеулда кундалик ҳаракатланишни ҳам ҳарбий ҳаракатга қиёсласа бўлади.

TOPISнинг қароргоҳи Сеул мэриясида жойлашган. У ерга юзлаб камералар ва GPS орқали 450та йўл ва 3 мингта чорраҳага доир маълумотлар ва фотосуратлар келади. Тизим саккиз минг йўловчи автобусининг ҳаракатини назорат қилади. Йўлдаги тирбандликлар бир зумдаёқ TV, интернет ва мобил қурилмалар орқали сеулликларга етказилади. Йўлдаги қоидабузарликлар дарҳол аниқланиб, тегишли чора кўрилиши ҳам мазкур тизим зиммасидадир.

Транспортни сеулча бошқарув тизими кўплаб шаҳарларда, жумладан Баку ва Олмаотада ҳам жорий этилган.

Кореяликлар пиёдалар учун йўлаклар қуришга ишқибоз. Эҳтимол, янги электрон тизим баҳона, Тошкентда ҳам пиёдалар йўлаги барпо этиш бошланиб кетиши мумкин.

Сеулдаги айрим йўллар тамоман беркитилиб, ўрнига пиёдалар юрувчи кўкаламзор йўлкалар қурилган. Мантиқан ўйлаганда ҳам бу тўғри амалдир. Шаҳар машиналар учун эмас, энг аввало одамлар учун. Қолаверса, шаҳарликлар ҳам тоза ҳаводан нафас олишга ҳақли.

Сеул ва Тошкентнинг яна бир ўхшашлиги бор. Бу шаҳарларда трамвай хизматидан воз кечилган. Трамвайлар кўчада жуда кўп жойни банд қилади.

Ҳозир сеулликларнинг кўпчилиги автобусда юришни маъқул кўради. Мегаполисдаги автобуслар тўрт гуруҳга бўлинган ва ҳар бири ўз ранги билан фарқланади. Автобусларнинг йўналиши ҳам ранги билан ажралиб туради.

Ушбу тажриба вақти келиб Тошкентда ҳам қўлланиши мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"