Тошкентдаги машиналар қурилиш майдонларидан чанг-тупроқларни тарқатмайдиган бўлди

Тошкентдаги машиналар қурилиш майдонларидан чанг-тупроқларни тарқатмайдиган бўлди

Тошкентда фаолият кўрсатувчи қурилиш ташкилотларига қурилиш майдонларидан чиқаётган машиналар ғилдиракларини ювишни ташкил этиш вазифаси топширилди. Бу ҳақда сешанба куни шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган брифингда маълум қилинди. Пойтахт ҳокими Раҳмонбек Усмонов 11 октябрь куни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва шаҳар кўчаларининг ифлосланишини бартараф этиш тўғрисидаги фармойишни имзолади.

Кўп йиллар давомида бинолар, истироҳат боғлари қурилишида ва йўлларни ётқизишда юк ташувчи машиналар ғилдиракларида шаҳар бўйлаб чанг-тупроқ тарқатар эди. Бу шаҳарнинг чанглик даражасининг ортишига олиб келди. Эндиликда қурилиш объектларидаги жавобгар шахслар шаҳар кўчаларига чиқарилаётган транспорт воситаларининг созлиги ва тозалигини назорат қилишлари лозим. Бундан ташқари, қурилиш чиқиндилари фақатгина махсус транспортда олиб чиқиб кетилиши лозим.

Ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимованинг маълум қилишича, янги турар-жой мавзелари қурилаётган Сергели туманидаги қурилиш майдонлари аллақачон машина ғилдиракларини ювиш ва тозалаш пунктлари билан таъминланган.

Фармойишга мувофиқ, қурилиш чиқиндилари, қум, тупроқ ва шаҳарларни ифлослаши мумкин бўлган бошқа юклар уларни олдиндан намлантирган ҳолда махсус жиҳозланган машиналарда ташилиши лозим. Агарда намлаш атроф-муҳитни ифлослантиришни бартараф этмаса, юк брезент билан қопланиши лозим.

Куз-қиш мавсумида қурилиш ташкилотлари қурилиш объектларига туташ кўчаларнинг ўтиш қисмларини қор, муз, лой, барг ва чиқиндилардан тозалаш, зарурат туғилганида эса ўтиш қисмлари ва пиёдалар йўлакларига қум ва туз сепишлари лозим.

Қурилиш ҳудудида туташ ер участкалари ва кўчмас мулк объектлари эгалари ёки фойдаланувчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилган ҳолатларда қурилиш ишлари тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақдаги таклифни туман ҳокимлари, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳамда Архитектура ва қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ҳокимиятга киритиши лозим.

Ўрнатилган тартибларни бузганлар жавобгарликка тортилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Мавзу:

#Тошкент

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.