Тошкентдан Бухорога юқори тезликдаги янги «Афросиёб» поезди қатнови бошланди

Тошкентдан Бухорога юқори тезликдаги янги «Афросиёб» поезди қатнови бошланди

Янги «Афросиёб» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий электропоезди Тошкент-Бухоро-Тошкент йўналишида илк бор тижорат қатновини бошлади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизматига асосланиб, Sof.uz хабар бермоқда.

Тошкент марказий вокзалида Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан ушбу замонавий «Афросиёб» электропоездида фаоллик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимларга, жумладан, машинист ва стюард ҳамда стюарддессаларга Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан қимматбаҳо совғалар топширилди.

2011 йилдан буён Ўзбекистонда 2 та юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоезди йўловчиларга хизмат қилиб келаётган эди. Яқинда келтирилган янги «Афросиёб» электропоезди олдингиларига қараганда кўпроқ имкониятга эга.

Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган юқори тезликдаги электропоездлар 215 нафар йўловчига мўлжалланган бўлса, янги поездда 287 нафар йўловчига хизмат кўрсатилади. Унда эконом тоифали вагонлар сони 2 тага кўп. Бу бир вақтнинг ўзида яна қўшимча 72 нафар йўловчини ўз манзилига етказиш имкони демакдир.

Яқин кунларда Ўзбекистонга яна битта ана шундай замонавий электропоезд олиб келинади. Бу билан республикада юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар сони 4 тага етади.

Бундай замонавий электропоездлар учун «Ўзтемирйўлмаштаъмир» шўъба корхонаси ҳудудида хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.