Тошкентдан Хитойга транспорт қатнови йўлга қўйилди

Тошкентдан Хитойга транспорт қатнови йўлга қўйилди

Тошкентда 30 октябрь куни «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» йўналиши бўйича халқаро автокарвон йўлга чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев, Қирғизистон Республикаси транспорт ва йўл вазири Жамшидбек Калилов, Хитой Халқ Республикаси Транспорт вазирлиги хавфсизлик бўйича департаменти директори Чен Пин ва бошқалар «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» автомобиль йўлагининг очилиши мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, инвестициялар, молия, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, Марказий Осиё бўйлаб юк ташиш ҳажмини, транзит салоҳиятини сезиларли оширишга хизмат қилишини таъкидлади. Бунда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 11-13 май кунлари Хитойга давлат ташрифи ҳамда Қирғизистон Республикаси Президентининг шу йил 5-6 октябрь кунлари мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатлар ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани қайд этилди. 

Қадимда Буюк ипак йўли нафақат мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни, балки Шарқ ва Ғарб ўртасида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берган, ахборот алмашинувини таъминлашда муҳим восита бўлган. Бу цивилизациялараро мулоқот учун зарур шароит яратиб берган. «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» транспорт йўлагини ушбу йўналишни замонавий шароитда янада ривожлантириш бўйича қўйилган салмоқли қадам сифатида баҳолаш мумкин. Бу, ўз навбатида, ҳудудлар ўртасида транспорт-коммуникация инфратузилмасини янада тараққий эттириш, манфаатли ҳамкорлик асосида ўзаро савдо айланмасини оширишда муҳим ўрин тутади. 

Умумий узунлиги 900 километрдан зиёд масофани ташкил этадиган «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» йўналишининг очилиши Ўзбекистондан Хитойгача бўлган юк ташиш харажатини сезиларли равишда камайтириш ва вақтни тежаш имконини беради. 

– «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» қатновининг очилиши мамлакатларимиз учун улкан иқтисодий имкониятларни тақдим этиши билан муҳим аҳамиятга эга, – деди Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе. – Янги автомобиль йўлаги минтақа давлатлари ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, мамлакатларимиз ҳудудлари орқали жаҳон бозорларига чиқиш, замонавий транспорт коммуникацияларини ўзаро интеграциялашда муҳим ўрин тутади. 

Буюк ипак йўлининг марказида жойлашган юртимиз азалдан давлатлараро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб келган. Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади бу йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш тенденцияларини давом эттириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, мамлакатлараро барқарор юксалишга кўмаклашишдан иборат. 

– «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» йўналишидаги автокарвон билан юкларни ташиш учун ўртача икки кун талаб этилади, – деди Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг бўлим бошлиғи Бахтиёр Одилов. – Илк маротаба амалга оширилаётган автокарвон келгусида ушбу йўналишда истиқболли дастурларни ишлаб чиқиш, янги йўналишлар очиш, юк ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва уларга қулай шароитлар яратиш тизимини янада ислоҳ қилишга хизмат қилади. 

Халқаро автокарвон доирасида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Хитой юк машиналари «Тошкент – Андижон – Ўш – Иркиштом – Қошғар» йўналиши бўйича илк бор йўлга чиқди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.