Тошкентлик ҳайдовчи шаҳар кўчаларини таъмирлаш бошқармасидан зарарни ундириб олди

Тошкентлик ҳайдовчи шаҳар кўчаларини таъмирлаш бошқармасидан зарарни ундириб олди

Тошкентлик ҳайдовчи шаҳар кўчаларини таъмирлаш бошқармасидан 1,2 млн сўм ундириб олди, деб хабар қилмоқда «Водители Ташкента» гуруҳи.

«Мана йўл таъмирлаш хизмати билан бўлган тортишув ҳам якунига етди! Натижа: йўлдаги чуқурга тушиб кетгани учун ҳайдовчи айбдор эмас! Моддий зарарни йўл таъмирлаш хизмати қоплашга мажбур!», — деб ёзган Yuri Chi исмли ҳайдовчи «Водители Ташкента» гуруҳида.

Хабарда айтилишига кўра, тўлов миқдори 1 250 000 сўм. Еткaзилган зарар миқдори 250 000 сўм, 1 млн сўм эса маънавий зарар ва бошқа харажатлар.

«Натижадан жуда хурсандман. Бир-икки кунда пул ҳисоб рақамимга тушишини кутиб турибман. Суд қарори бор!», — деб сўзини давом эттирган ҳайдовчи.

Воқеа боши аслида бундай бўлган эди. Бундан 6 ой олдин, 21 феврал куни автомобилда кетаётган Yuri Chi Юнусобод кўприги устида катта чуқурга тушиб кетади. Натижада автомобил ғилдираги жиддий шикастланади. Ҳайдовчи  ЙПХ ходимларини чақириб ЙТҲ, қонунга мувофиқ расмийлаштиради. Шундан сўнг автомобилни керакли техник экспертизадан ўтказади ва Йўл таъмирлаш хизматини судга беради.

«Албатта, 20 минг сўмга дискамни текислаб жимгина кетаверсам бўлар эди, лекин тизимни синаб кўргим келди», — деган эди ўшанда ҳайдовчи.

Натижадан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда йўл носозлигидан зарар кўрганлар йўл хизматидан зарарни ундириб олиши мумкин, судга беришга эринмаса бўлди…

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.