Тошкентлик ҳайдовчилар йўловчиларни манзилга бепул элтиб қўйишяпти

Тошкентлик ҳайдовчилар йўловчиларни манзилга бепул элтиб қўйишяпти

Тошкентда яқинда ҳам иссиқ ҳаво ҳукмронлик қилаётганди. Ҳавонинг бирданига совиб кетиши кўпчиликка ноқулайлик туғдирди. Айниқса, жамоат транспортида ишга борадиганларга бу яққол сезилди. Шу сабабли Facebook ижтимоий тармоғининг “Водители Ташкента” гуруҳи аъзолари ҳар куни бир йўналишда ҳаракатланадиган ҳайдовчиларнинг йўловчиларни ушбу йўналиш бўйлаб бепул элтиб қўйиш ташаббуси билан чиқдилар, деб ёзади Sof.uz.

«Даракчи» нашри. Ҳайдовчилар ижтимоий тармоқдаги гуруҳда алоҳида постлар орқали ўзлари ҳар куни ҳаракатланадиган йўллар ҳақида маълумот бера бошлади.

Яна бир ҳайдовчи эса Telegram мессенжери орқали махсус чат яратди.

«Тушунаман, совуқ ҳавода эрта тонгда автобус кутиш ёки такси тўхтатиш ҳеч кимга ёқмайди. Улар кутиб туриш ўрнига ҳаракатлана бошлайди»,—деб ёзди у.

Яна бир ҳайдовчи #Инсонларни совуқдан қутқараман хэштеги остида Яккасарой тумани ҳудудида йўловчиларни манзилига бепул элтиб қўйишини айтиб, телефон рақамини қолдирди. Натижада унинг хизматидан 14 нафар йўловчи фойдаланди ва манзилига бепул етиб олди.

Унинг бу хатти-ҳаракати гуруҳнинг бошқа аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди:

«Беш дақиқадан сўнг чиқиб кетаман. Лисунова кинотеатридан Юнусобод туманигача бепул элтиб қўяман! Бепул».

«Бепул! Талабалар шаҳарчасидан  Беруний,Тинчлик ва Чилонзор метросигача элтиб қўяман».

«Ҳар куни соат 8:00 дан Бектемир туманидаги постдан Вестминистр университетигача бепул элтиб қўяман».

«Бепул! Шастри-Ўрикзор бозори. Чиқиб кетиш вақти 9:30»

«Ҳар куни Дархон—Чилонзор савдо маркази йўналишида қатнайман. Соат 9:00 да уйдан чиқаман. Ушбу йўналишда йўловчиларни элтиб қўйишим мумкин. Сиз эвазига қизиқ латифа айтиб беришингиз керак».

Изоҳларда гуруҳ иштирокчилари жонкуяр ҳайдовчиларга миннатдорчилик билдириб, уларга соғлик ва омад тиламоқда.

«Бепул Uber. Барибир бизнинг халқимиз энг меҳрибон халқ».

«Меҳр дунёни қутқаради. Эркакларимиз билан фахрланаман!».

«Эркакларимизнинг совуқ кунлардаги ғамхўрлиги учун раҳмат. Ўзингизни эҳтиёт қилинг!!!», дейилади тилак ва миннатдорчиликларда.

Саид Мамуров

Carzone.uz'нинг сермаҳсул ёзувчиларидан. Ўзи ҳақида гапиришни ёқтирмайди. Ҳаваскор, лекин ашаддий автомобиль ишқибози.