“Тойота”нинг электр симларини сичқон-каламушлар кемириб ташлади

“Тойота”нинг электр симларини сичқон-каламушлар кемириб ташлади

Toyota енгил автомобиллари эгалари бепулга машинасини тузатиб беришини талаб қилиб компанияни судга берди. Чунки машина симлари изоляцияси соядан ишланганлиги кемирувчиларга хуш ёқиб, уни иштаҳа билан ғажиб ташлаган.

Нега энди японлар автомобилсозликда соя қўллаган? Чунки бу ашёни қўллаш экологик жиҳатдан мақсадга мувофиқдир. Бироқ япон инженерлари соя сичқон-каламушларнинг севимли хўраги эканлигини унутган. Яқинда америкалик бир қанча ҳайдовчилар 2015 йилда чиқарилган Toyota Avalon ва Toyota RAV4 автомобилларининг симлари кемирувчиларга ем бўлганлигидан шикоят қилди.

“Тойота” бунақа ҳолга биринчи марта тушиши эмас. Аниқроғи, 2012 йилдан бери бу машмаша бор. Аммо кўп ҳолларда зарарни Toyota эмас, суғурта компаниялари қоплаб беради. Бу гал зарар кўрган ҳайдовчилар тўғридан-тўғри “Тойота”нинг ўзига мурожаат қилди ва рад жавоби олди. Яъни япон компанияси Америка каламушларининг хатти-ҳаракати учун жавоб беришни истамади. Шикаст кўрганларни бу аччиқлантирди ва компанияни судга берди.

Даъвогарлар япон компанияси ишлаб чиқарган барча машиналарни қайтариб олиб тузатишга мажбурламоқчи. Агар суд ишида Toyotа ютқазса, Шимолий Американинг ўзидан миллионга яқин автомобилни қайтариб олади.

Мавзу:

#можаро

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"