“Трэкол Трофи” – қўқонараванинг “қариндоши”

“Трэкол Трофи” – қўқонараванинг “қариндоши”

Россиянинг “Трэкол” корхонаси сузувчи вездеходлар ишлаб чиқаради. “Трэкол” автомобиллари асосан 4-5 ғилдиракли бўлиб, шимолда юришга мўлжаллангандир. Ишлаб чиқарган русумлари орасида каттакон пневматик шина ўрнатилган “Хантер” учрайди. Бу сафар автомуҳандислар сандиқсимон УАЗ автомобилига ноодатий катта ғилдираклар ўрнатди ва бу русум “Трофи” деб аталди. Ўзимизнинг тарихимиздан маълумки, араванинг ўтувчанлигини ошириш мақсадида қўқонликлар улкан ғилдираклар ўрнатишган.

Бошқа “Трэкол”лар каби бу русум ҳам суза олади, қуруқликда 70 км/соатгача тезликда юришга қодир. 800 кггача юк ортиш мумкин. Янги ғилдираклар қўйилгунга қадар баландлиги 2,1м, кенглиги 1,94м бўлган УАЗ энди 2,8мгача “ўсди” ва 2,54мгача “семирди”.

Кузов салони иккига бўлинган: олдинда ҳайдовчи ва бир йўловчи ўтирса, орқада олти йўловчи ўтирадиган ёки тўрт киши ётадиган жой бор. Йирик ғилдиракларидан ташқари 9 тахта (лист) рессорлари, кучайтирилган кўприклари (ғилдирак редукторлари билан) бор. Ёнилғи ва тормоз тизими такомиллаштирилган. Трансмиссия ва руль механизми қайта ишланган.

“Трэкол Трофи”нинг асос версиясида гидрокучайтиргичли руль, шиналарни дамловчи насос ва дориқути бор.

Рус конструкторлари ноодатий шиналар қўллашни бошлаганига кўп йиллар бўлди. Масалан, 1965 йилда Лихачёв номли заводда ПКУ-1 вездеходи ясалган бўлиб, у автомобиль ва трактор ўртасидаги машинадир. Унинг занжири пневматик баллонлардан иборат. Бу ҳақда carzone.uz мақоласини ўқинг ва томоша қилинг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"